Қозоғистонлик тажрибали профессорлар институтда талабаларга дарс ўтди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, таълим сифатини ошириш ва талаба-ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни етказиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Шаҳмардан Есенов номидаги Каспий технологиялар ва инжиниринг университетининг бир гуруҳ тажрибали профессор-ўқитувчилари ташриф буюрди.
Улар орасида математика фани бўйича фундаментал фанлар кафедраси профессорлари Гулаш Қошанова ҳамда Базаргул Қулжағарова, физика фани бўйича ушбу кафедра профессори Лидия Таймуратова, катта ўқитувчи Гулдана Қарабасова, информатика фани бўйича кафедра доценти Рахат Шуақбаева, шунингдек, тарих фани бўйича тарих ва анъанавий санъат кафедраси профессори Орингул Табилдиева институт талабалари учун қизиқарли ва мазмунли дарс машғулотларини ўтди.
Машғулотлар давомида талабалар соҳалар бўйича замонавий илмий ёндашувлар, илғор педагогик методлар ва халқаро тажрибалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Дарслар очиқ мулоқот, савол-жавоб ва фикр алмашиш шаклида ташкил этилиб, талабаларнинг билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Қозоғистонлик профессорларнинг институтга ташрифи ўқув жараёнини такомиллаштириш билан бирга, икки олий таълим муассасаси ўртасида илмий ва таълим бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди. Бундай ҳамкорлик профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, академик мобилликни ривожлантириш ва ўқув жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.


Шунингдек, профессорлар билан учрашувлар давомида келгусида қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, семинар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бу эса икки олий ўқув юрти ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун муҳим замин яратади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги