Наврўз – миллий анъаналар ва инсонпарвар қадриятлар тимсоли
Наврўз байрами шарқ халқлари, жумладан ўзбек халқининг минг йиллик тарихга эга бўлган энг қадимий ва улуғ байрамларидан биридир. Табиат уйғониши, янги йил бошланиши, янгиланиш ва эзгулик рамзи бўлган Наврўз асрлар давомида халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва маънавий қадриятлари билан чамбарчас боғланиб келмоқда. Бу байрам нафақат табиатнинг янгиланишини, балки инсон қалбида ҳам яхшилик, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби фазилатларнинг уйғонишини ифодалайди.
Наврўз мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланадиган, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи муҳим маданий-маънавий байрамлардан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, бу йил ҳам Наврўз байрамини муносиб нишонлаш мақсадида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган кенг қамровли ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастури тасдиқланиб, унинг изчил амалга оширилиши белгиланди. Ушбу дастур орқали Наврўзнинг тарихий ва маънавий моҳиятини кенг тарғиб этиш, халқимизни эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш кўзда тутилган.

Наврўз қадимдан меҳр-оқибат, саховат ва мурувват каби инсоний фазилатларни тарғиб этиб келган. Шу боис, бу йилги байрам тадбирларини ташкил этишда ҳам айнан инсонпарварлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Наврўз муборак Рамазон ҳайити билан ҳамоҳанг тарзда нишонланиши байрам мазмунини янада бойитади.
Шу муносабат билан “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса Наврўзнинг асл моҳияти инсонни қадрлаш, жамиятда ҳамжиҳатлик ва меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлаш ғояларини амалда намоён этади.

Наврўз табиат уйғониши билан боғлиқ байрам бўлгани сабабли экологик ташаббуслар ҳам ушбу сана билан узвий боғланиб кетган. Шу боис, байрам тадбирлари доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилади. “Мен ҳам кўчат экаман” акциялари, умумхалқ ҳашарлари ташкил этилиб, юртимиз ҳудудларини янада ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундай ташаббуслар нафақат атроф-муҳитни асрашга хизмат қилади, балки ёш авлодни табиатга меҳр билан қараш, экологик маданиятни шакллантиришга ҳам ундайди. Наврўз нафақат маданий-маънавий, балки экологик аҳамиятга эга умумхалқ байрамидир.
Наврўз шодиёналарининг ажралмас қисми бўлган халқ сайиллари ҳам бу йил кенг кўламда ташкил этилади. Хусусан, Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида оммавий сайиллар, маданий дастурлар ва миллий анъаналарни акс эттирувчи тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бундай тадбирлар халқимизнинг бой маданий меросини кенг тарғиб этиш, миллий урф-одатлар, ҳунармандчилик, миллий таомлар ва санъат намуналарини намойиш этиш орқали жамиятда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини кучайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, турли ҳудудлардан келган фуқароларни бир майдонга жамлаб, байрамнинг умумхалқ руҳини янада мустаҳкамлайди.
Наврўз – шунчаки байрам эмас, балки халқимизнинг тарихий хотираси, маънавий қадриятлари ва миллий ўзлигини ифодаловчи буюк анъана. Минг йиллардан буён нишонланиб келаётган бу байрам эзгулик, янгиланиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини ўзида мужассам этиб келмоқда.
Бугунги кунда Наврўз халқимиз ҳаётида нафақат қадимий анъана сифатида, балки жамиятни эзгу мақсадлар сари бирлаштирувчи муҳим маънавий куч сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА