«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон»: табиий газдан хавфсиз фойдаланиш таъминланмоқда

Истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз равишда таъминлаш газ таъминоти соҳасининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Ўтган 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумида аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлашда «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали томонидан олдиндан белгилаб олинган режага асосан кенг кўламли ишлар олиб борилган. Шаҳар ва туманлардаги газ таъминоти билан боғлиқ муаммоли ҳудудларда қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида табиий газни аҳолига бир маромда етказиб беришга эришилди.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, истеъмолчиларни хавфсиз газ билан таъминлашнинг барча чоралари амалга оширилмоқда.
– Чимбой туманида ҳозирги вақтда туман газ таъминоти бўлими томонидан қишлоқлар ўртасидаги газ тармоқларини тартибга солиш, қўш қатор газ тармоқларини бир тармоққа улаш ва газ тақсимлаш станцияларидан қабул қилинган газ билан хўжаликларга етказиб берилган табиий газ ўртасидаги йўқотишларнинг олдини олиш бўйича ишлар бошлаб юборилди, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали газ тармоқларидан самарали фойдаланиш бўлимининг етакчи муҳандиси Р.Ғаррибаев.
Бу борадаги ишлар Қўнғирот туманидаги Раўшан овул фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам олиб борилмоқда. Ушбу тумандан энг олисда жойлашган ҳудудда 600 дан ортиқ хонадон жойлашган бўлиб, ушбу ҳудуд «Раўшан» автоматлаштирилган газ тақсимлаш станцияси орқали табиий газ билан таъминланади. Айни пайтда қишлоқлар ўртасидаги газ тармоқларининг ер ости ўтиш йўлларини ер устига чиқариш, тартибсиз газ тармоқларини тартибга келтириш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Соҳа мутахассислари томонидан ҳозирдан бошлаб газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Энг аввало истеъмолчиларга бир текис узлуксиз табиий газ етказиб беришни яхшилаб, уларнинг табиий газдан хавфсиз фойдаланиши таъминланади.
Бу борадаги ишлар бошқа туманларда ҳам қўлга олинган.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги