Хотин-қизларга эҳтиром ва иззат кўрсатилди

27

Нукус шаҳридаги Оқ қўш мажмуасида «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни» муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, республикамизнинг аёл-қизларини байрам билан самимий табриклади.

Шундан сўнг тадбирда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қўшган ҳиссалари ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизларга «Ардоқли нуроний,» «Ибратли аёл,» «Ватан фидойиси,» «Умид учқуни» кўкрак нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг «Мўътабар аёл» кўкрак нишони, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Фахрий ёрлиғи» топширилди.

Байрам тантанаси республикамизга таниқли санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этиб, унда ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги