Инсон тақдири билан туташган ҳаёт

9

Куч, меҳр, илҳом тимсоли

Тиббиёт – инсон ҳаёти учун курашадиган муқаддас касб. Бу соҳада шифокорлар билан бир қаторда беморга энг яқин, энг меҳрибон инсонлар – ҳамширалар ҳисобланади. Айниқса, реанимация бўлимида ишлаётган ҳамшираларнинг масъулияти янада юқори. Ана шундай фидойи тиббиёт ходимларидан бири – Гулзар Оразимбетова.

Реанимация бўлими – шифохонанинг энг масъулиятли масканларидан бири. Бу ерда ҳар бир сония ғанимат. Беморнинг нафас олиши, юрак уриши, ҳолати доимий назоратда бўлади. Ана шундай муҳим пайтларда бемор ёнидан бир қадам ҳам узоқлашмайдиган инсон – реанимация ҳамшираси. Канадалик шифокор Уилям Ослер айтганидек «Энг яхши ҳамшира баъзида билимли шифокордан ҳам кўпроқ фойда келтиради, чунки у доимо беморнинг ёнида бўлади,»-деганидек Гулзар Оразимбетова ҳам ана шундай масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаётган фидойи ҳамширалардан бири.

Нукус тумани Шўртанбой қишлоғида туғилиб ўсган Гулзор мактабни тугатгач, Нукус тиббиёт билим юртида таҳсил олади. Болаликдаги шифокор бўлиш орзуси билан у ўрта бўғин тиббиёт ходими касбида ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён меҳнат қилиб келмоқда.

У дастлабки меҳнат фаолиятини 1994 йилда қишлоқ поликлиникасида ҳудудий ҳамшира бўлиб ишлашдан бошлаб, сўнг психиатр хонасида ишини давом эттиради. 1998 йилдан буён у Нукус тумани тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида ишлаб келмоқда.

Олий тоифали ҳамшира бўлган унинг иш куни беморлар ҳолатини кузатиш, шифокор кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш, зарур муолажаларни амалга ошириш билан ўтади. Лекин бу ишнинг энг муҳим жиҳати – инсонларга меҳр ва умид бағишлашдир.

Бемор учун баъзан дори-дармондан ҳам кўра ширин сўз, меҳр-шафқат катта куч беради. Гулзар беморлар билан мулоқотда ана шу инсонийликни биринчи ўринга қўяди. Шунинг учун ҳам унинг меҳнати беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан катта миннатдорчилик билан эътироф этилади.

Реанимация бўлимида тунлар уйқусиз ўтади. Лекин ҳақиқий тиббиёт ходими учун энг катта мукофот – қутқарилган инсон ҳаётидир. Беморнинг соғайиб, ўз оёғи билан шифохонадан чиқиб кетганини кўриш эса ҳар қандай чарчоқни унуттиради.

Гулзар меҳнатларига яраша соҳада бир неча бор Фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди. У касб фидойиси бўлиши билан бирга оилада умр йўлдоши Дўсанбой билан бирга ўғил-қизларини вояга етказиб, келин тушириб, ўз ҳурматига эга бўлган меҳрибон ота-она. Қўни-қўшнилари, яқинлари, жамоаси орасида у фидойилиги, инсоний фазилатлари билан уларнинг қалбидан жой олган.

– Реанимацияда ишлаш осон эмас, лекин мен шу машаққати билан шу касбга меҳр қўйганман. Ҳар бир бемор тузалиб кетиш умиди билан ётади. Уларга ёрдамим тегса, олқишларини олсам мен учун катта қувонч. Мен касбим билан фахрланаман, – дейди у жилмайиб.

Гулзар Оразимбетова каби фидойи ҳамширалар тиббиёт соҳасининг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Улар инсон ҳаётини асраш йўлида ўз меҳнати, сабр-тоқати ва меҳрини аямайди. Унинг машаққатли касбдаги  ҳаёт йўли миннатдор бўлган инсонларнинг олқишлари билан нурга тўлиб бораверсин.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги