Терини қайта ишлашга ихтисослашган корхона фаолияти ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Уразалиев Нукус шаҳридаги терини қайта ишлашга ихтисослашган «Orient TECHNOLOGY» қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ушбу корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган ярим тайёр маҳсулотларни экспортга чиқаришда ишлаб чиқарилаётган экспорт божи бўйича яратилган янги имтиёзлар бўйича корхона вакилларига батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, экспорт божхона божи ставкаси (илгари 20 фоиз, бироқ тоннасига 600 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда эди) 10 фоиз, бироқ тоннасига 300 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланган.
Ушбу корхона томонидан 2025 йил давомида қиймати 966 минг АҚШ доллари миқдоридаги 39 тонна чарм ва жун маҳсулотлари экспортга йўналтирилган. Жорий йилда шу кунга қадар қиймати 237 минг АҚШ доллари миқдорида 39 тонна чарм ва жун маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.
Шунингдек, ушбу корхона фаолиятини кенгайтириш, ярим тайёр маҳсулотлардан келгусида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида 5 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳасини ишга туширишнинг якуний босқичи ишлари амалга оширилмоқда.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Уразалиев Нукус шаҳрида жойлашган «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖга қарашли омборхона фаолияти билан ҳам танишди.
«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖга қарашли республикамизда жойлашган ушбу омборхона 2025 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, ушбу омборхона автомобиль ва темир йўл транспортида ташилаётган божхона назорати остидаги товарларни қабул қилиш, қайта юклаш ва сақлаш хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Маълумот учун, «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖга қарашли омборхона томонидан 2025-2026 йиллар давомида жами 387 партиядаги қиймати 13 млн. 882 минг АҚШ доллари ва оғирлиги 210 тоннага тенг божхона назорати остидаги товарлар сақлашга қабул қилинган.
Шунингдек, ушбу корхона темир йўл орқали юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагонлари ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мултимодал «эшикдан-эшикка» ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш каби йўналишларда фаолият юритмоқда.
Ўрганиш давомида омборхона масъул ходимларига омборхона фаолиятини юритишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган божхона омборини ташкил этиш ва унинг фаолиятини лицензиялаш талабларига қатъий риоя қилиш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги