Таълим масаласи муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди

4

Нукус туманида таълим соҳаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими З.Зайтов мактаб директорлари ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда ҳудудда таълим сифатини янада ошириш, ёш авлодга замонавий билим бериш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Нукус туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, айниқса, аниқ ва табиий фанлар бўйича фаолият юритаётган педагогларнинг малакасини ошириш, инновацион ўқитиш усулларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари томонидан замонавий методик ёндашувлардан самарали фойдаланиш, ўқувчиларнинг қобилиятини аниқлаш ва ривожлантириш, уларни касбга йўналтириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида туман ҳокими ҳар бир мактаб жамоаси ёшларнинг билим олиши, эркин фикрлаши ва келажакда муносиб касб эгаси бўлиб етишиши учун бор куч-ғайратини сафарбар этиши кераклиги таъкидланди. Бундай учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиб, жойларда мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

                                                                       Қорақалпоғистон ахборот агентлиги