Журналистлар ёшлар сиёсати йўналишидаги ишлар билан танишди

6

Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва истиқболдаги режалар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Махсет Турсинов томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар, янги ташаббуслар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган амалий ишлар бўйича маълумот берилди. Қайд этилганидек, республикада 30 ёшгача бўлган 981 минг 793 нафар ёш истиқомат қилади.

2025 йил давомида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. «Ёшлар баланси»ни шакллантириш мақсадида 14-30 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида қайта хатлов ўтказилди. Унга кўра, 447 минг 986 нафар ёш «яшил,» «сариқ,» «қизил» тоифаларга рўйхатга олинган.

Йил якунига қадар «оғир» тоифадаги 9 минг 88 нафар ёш 427 та вазирлик ва идора раҳбарларига бириктирилиб, 99,5 фоизининг бандлиги таъминланди. «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида 7 мингдан зиёд ёшга ер майдони берилди. Ўзбекистон Республикаси Миллий банки, «Алоқабанк» томонидан 1 минг 500 нафарга яқин ёшларга 96,2 миллиард сўм, Ёшлар жамғармаси орқали 113 нафар ёшга 12 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, «Кўмак» лойиҳаси доирасида чекка ва олис ҳудудларда ўқув марказлари очиш учун 21 нафар ёшга ссуда ажратилди.

Матбуот анжуманида «Ёшлар дафтари,» «Беш ташаббус олимпиадаси,» «Ибрат фарзандлари» ва бошқа лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-профилактик ва маданий тадбирлар, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумот берилди.

– 2026 йилнинг 24 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган учрашуви ўтказилган эди, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари М.Турсинов. – Бу учрашувда илгари сурилган ташаббуслар зиммамизга янада катта масъулият юклади. Келгусида Юртбошимизнинг эътибори ва ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Тадбир давомида видеоматериаллар намойиш этилиб, соҳа бўйича статистик маълумотлар очиқ ва тушунарли тарзда тақдим этилди. Матбуот анжуманининг якуний қисмида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги