Саҳнада қайта тирилган асар: “Макария Сулув” балетининг премьераси

16

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Тилеуберген Жумамуратовнинг «Макария сулув» асари адабиётшунос олимларимиз томонидан турли даврда шеър билан ёзилган достон, гоҳ поэма, гоҳ роман сифатида эътироф этилиб, кўпчиликнинг кўнглидан илиқ жой олган эди.

Бугунги кунга қадар республикамиз олимлари томонидан кўплаб илмий ишлар ёзилиб, композиторларимиз куйлар ёзди. Хусусан, халқимизнинг севимли фарзанди, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби» атоқли композитор Марқабой Жийемуратов машҳур сўз санъаткорининг ушбу асари асосида «Макария Сулув» балетини ёзган эди.

«Макария Сулув» балети 1974 йилда Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида композиторнинг диплом ҳимояси иши сифатида қўйилгани билан, ҳали республикамиз саҳналарида саҳналаштирилмаган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри раҳбарияти «Катта театримиз»нинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан жаҳон талабларига жавоб берадиган классик асарларни саҳналаштиришни, шу жумладан, «Макария Сулув» балетини саҳналаштиришни ўз олдига мақсад қилиб, театрнинг ижодий жамоаси билан меҳнат қилди.

Кеча уларнинг бу меҳнати Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида ўз самарасини кўрсатиб, кўплаб театр мухлислари иштирокида «Макария Сулув» балетининг премьераси бўлиб ўтди.

2 актли, 5 картинали бу балет либреттосининг муаллифлари Гавҳар Рахманова билан «Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган артист» Султон Дуйсенбаев бўлиб, балетмейстер Султон Дуйсенбаев томонидан саҳналаштирилди. Таниқли рассом Заўқи Сайпов томонидан безатилган саҳна кўриниши, либос бўйича рассом Сарбиноз Даўқараеванинг ишлаган ишлари томошабинларнинг эътиборини дарҳол жалб қилиб, дирижёрлар Қурбонбой Заретдинов ва Байрам Отарбаевлар бошқарган оркестр куйига янада бадиийлик бағишлади.

Театрнинг ёш балет актёр ва актрисалари Ҳамидулла Икметуллаев, Дина Хўжамбергенова, Манзура Абатова, Сарибий Пирниязов, Шоҳида Зиёвуддинова, Бахитжон Даўлетов, Эленора Қайпова, Муҳаммед Пердебаев, Ислом Сатимов, Шаҳноза Матжанова, Дилфуза Абдуллаева, Нурсултон Сапарбаев ва Наўбет Исабаевлар ижро этган Даўқара, унинг хотини, Макария, Паромон, Людмила, Кўкчехон, янгаси, фокусчи, илон ўйнатувчи, ҳазилкашлар роллари, оммавий саҳналардаги бозорчилар, карвончилар, ҳарбийлар ва қишлоқ одамлари иштирокидаги саҳна кўринишлари залга келган томошабинларнинг қалб тўридан жой эгаллаб, уларни балет тугагунига қадар қимир этмай ўтиришга мажбур қилди.

Албатта, театримиз саҳнасида қўйилган ушбу балет республикамиз маданияти ва санъатининг янада ривожланиши, замон билан ҳамнафас қадам ташлаётганлигининг ёрқин ифодаси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, машҳур композиторимиз Марқабой Жийемуратов томонидан илгари ёзилиб, бироқ, айрим сабаблар билан саҳналаштирилмай юрган бу асарининг замон талабига мос саҳнага олиб чиқилиши, асар муаллифлари бўлган бу улуғ икки сиймонинг ижодий меҳнатини юксак чўққига олиб чиқиб, уларнинг руҳларини шод этди, десак бўлади.

«Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши» деганларидек, республикамиз аҳолисини «Макария Сулув» балетини театр саҳнасида томоша қилишга таклиф этиб қоламиз. Балет бугун ҳам бўлиб ўтади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

М.Ҳабибуллаев олган суратлар