Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун янги имконият
Қонликўл туманидаги Маданият марказида ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ва ёрдамлар бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида семинар ташкил этилди.
Мақсад – тумандаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш.
Тадбирда Қонликўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Халмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари А.Кайратдинов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи А.Сулаймонов, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси банк ходими Ж.Турганбаев, Ёшлар ишлари бошқармаси бош мутахассиси С.Азербаевлар иштирок этди.
Семинар давомида ижтимоий нафақа, субсидия, имтиёзли кредит, бандлик дастурлари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ўтказилган семинар давомида Президентимиз ташаббуси билан оилавий ва кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида ажратилаётган 12 фоизлик имтиёзли кредит ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, тушунтирилди. Хусусан, мутахассислар томонидан кредит олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар тоифаси, маблағ ажратиш тартиби ва шартлари, шунингдек, асосий йўналишлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Таъкидланганидек, қарор асосида танлаб олинган маҳаллаларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва оилалар даромадини ошириш асосий мақсад этиб белгиланган. Республикадан бириктирилган вакиллар, банк ходимлари ва тумандаги мутасаддилар томонидан амалий тавсиялар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги