Ўзбекистон фуқаролари Яқин Шарқ давлатларидан қайтарилмоқда

15

Яқин Шарқ минтақасида юзага келган ҳарбий низо сабаб қатор давлатлар ҳаво ҳудудини вақтинча ёпгани маълум қилинди. Шу муносабат билан 28 февралдан бошлаб Ўзбекистондан Дубай, Шаржа, Мадина, Доҳа, Жидда, Тел-Авив, Теҳрон ва Кувайт йўналишларидаги авиақатновлар бекор қилинган. Натижада 28 февраль – 2 март кунлари 1 681 нафар Ўзбекистон фуқароси рейслардан фойдалана олмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Форс кўрфази мамлакатларида қолиб кетган фуқароларни ватанга қайтариш ишлари ташкил этилган. Транспорт вазирлиги томонидан авиакомпаниялар билан ҳамкорликда аниқ режа ишлаб чиқилиб, “Ўзавиация” агентлигида 24 соат ишлайдиган штаб тузилган.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар Мадина ва Жиддадан 21 та рейс орқали 4 948 нафар, шунингдек Дубайдан 235 нафар йўловчи Ўзбекистонга олиб келинган.

Фуқароларга рейслар бўйича маълумотларни фақат авиакомпанияларнинг расмий манбалари орқали аниқлаштириш тавсия этилмоқда.

Ҳамроз Баёнов, ЎзА