“Microsoft”нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари тайинланди
Жорий йил 1 мартдан бошлаб Габриэла Попеску “Microsoft” компаниясининг Руминия, Молдова ва Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари лавозимига киришди. У ҳуқуқ, бизнес ва технологиялар бўйича тажрибаси, шунингдек корпоратив мувофиқлик соҳасидаги билимлари билан танилган мутахассис ҳисобланади.
Попеску 2017 йилдан буён Руминияда фаолият юритиб келган ва сўнгги вақтларда Марказий Европа бўйича корпоратив, ташқи ва ҳуқуқий масалалар раҳбари ҳамда компаниянинг вақтинчалик бош менежери вазифаларини бажарган.
Таъкидланишича, янги лавозимида у Марказий Осиё давлатларида рақамли трансформацияни янада ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларини масъулиятли жорий этишга эътибор қаратади.
– Рақамли трансформация фақат технология эмас, балки ишонч, билим ва узоқ муддатли ҳамкорликка таянади, -дейди Попеску. – Шу боис “Microsoft” минтақада давлат хизматлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва миллий барқарорлик соҳаларида рақамли ечимларни жорий этишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Компания шунингдек, сунъий интеллектни хавфсиз ва масъулиятли қўллаш, маълумотлар муҳофазаси ва киберхавфсизликни таъминлаш, маҳаллий инновация муҳитини ривожлантириш ҳамда рақамли кўникмаларни ошириш каби йўналишларда Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида.
Мусулмон Зиё, ЎзА