Олис ҳудуддаги фуқароларга қулайликлар яратилди

19

Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш бўлими томонидан аҳолига қулайликлар яратиш, айниқса, туман марказидан олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.

Бундай тадбирлар аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишида қулайлик яратиш, турли тўсиқларни камайтириш ва фуқароларга янада яқин бўлиш тамойили асосида ташкил этилмоқда.

Кўчма хизмат «Жаслиқ» посёлкасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ID-картасини расмийлаштириш бўйича ҳужжатлар қабул қилинди. Махсус планшет қурилмалари ёрдамида жами 18 нафар фуқаронинг биометрик ва биографик маълумотлари жойида расмий тартибда қабул қилинди.

Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган ва ёрдамга муҳтож фуқароларнинг муаммосини енгиллаштириш мақсадида масъул ходимлар уларнинг яшаш манзилларига бориб, биометрик маълумотларини олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги