Ўрганишлар якунидан келиб чиқадиган вазифалар белгиланди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзоларининг сайлов округларидаги ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.
26–28 февраль кунлари фракция аъзолари сайлов округларидаги ўрганишлари давомида 41 та маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишди. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Учрашувларда 3,5 мингга яқин фуқаро, шу жумладан 90 нафар тадбиркор билан бевосита мулоқот ўтказилган. 47 та ижтимоий соҳа объекти, 30 та тадбиркорлик субъекти фаолияти жойига чиққан ҳолда танишилган.
Муҳокамалар жараёнида айрим ҳудудларда инфратузилма, ичимлик суви таъминоти, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари билан боғлиқ айрим масалалар мавжудлиги қайд этилиб, уларни тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти Ўзбекистон Экологик партияси гуруҳи аъзоларининг 2025 йилдаги фаолияти ҳамда 2026 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Ёшлар парламенти гуруҳининг 2026 йилга мўлжалланган иш режасини давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш, уни амалий ишлар ва аниқ механизмлар билан бойитиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

М. Комилова, ЎзА