Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми 20 миллиард долларга етказилади
Тошкент шаҳрида 3 март куни Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинцияси делегацияси иштирокида Ўзбекистон – Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Хитойнинг 70 дан ортиқ компания ва молиявий институтлари, шунингдек, Ўзбекистон ишбилармон доиралари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.
Мамлакатимиз томонига инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов бошчилик қилди. Хитой делегациясига эса Шэньси провинцияси Халқ ҳукумати губернатори ўринбосари Ли Цзюнь раҳбарлик қилди.
Хитой томони вакиллари орасида «China Railway First Group», «China Railway 20th Bureau Group», «Shaanxi Construction Engineering Holding Group», «Shaanxi Coal and Chemical Industry Corporation» каби йирик компаниялар вакиллари ҳам бор.
Форумнинг ишбилармонлик қисмида иқтисодий ҳамкорликнинг амалий кўрсаткичлари ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. 2025 йил якунига кўра, ўзаро савдо ҳажми 17,8 миллиард долларга етиб, 34 фоизлик ўсиш қайд этилгани таъкидланди. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми 15,8 миллиард долларни ташкил этди. 2026 йилда бу рақамни 21 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Ҳозирги вақтда умумий қиймати қарийб 58,8 миллиард долларга тенг қўшма лойиҳалар портфели амалга оширилмоқда. Улар энергетика, саноат, кимё, машинасозлик, тўқимачилик, логистика, ахборот технологиялари ҳамда “яшил” иқтисодиёт каби устувор соҳаларни қамраб олган.
Стратегик аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳалар, жумладан ,“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши алоҳида қайд этилди. Ушбу ташаббус янги Евроосиё транспорт йўлагини шакллантиришда муҳим бўғин сифатида баҳоланмоқда.
B2B музокаралар доирасида саноат кооперацияси, хомашёни чуқур қайта ишлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ўнта Ўзбекистон – Хитой саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Инвестиция ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида юқори технологиялар ва рақамли иқтисодиётда саноат кооперациясини ривожлантириш, “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, энергия тежамкор ечимларни жорий этиш, Сиань шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Учинчи ҳудудлараро форумга тайёргарлик кўриш, шунингдек, “Бир макон – бир йўл” глобал ташаббуси доирасида қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш белгиланди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА