Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 265 мингдан ошди

3

Сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар тадбиркорлик субъектларини расмий иқтисодиётга жалб этиш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ҳамда бюджет тушумларини барқарор оширишга хизмат қилмоқда.

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, мамлакатимизда махсус рўйхатдан ўтган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари сони 265 697 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга кўпдир. Расмий статистик маълумотлар солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнлари ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҚҚС тўловчилари энг кўп қайд этилган соҳалар: савдо (99,5 минг), қишлоқ хўжалиги (49,9 минг), хизмат кўрсатиш (40,6 минг) соҳасидир.

Савдо соҳасининг етакчилик қилиши ички бозор фаоллигининг юқори эканини англатади. Қишлоқ хўжалигидаги кўрсаткичлар эса аграр тармоқда ишлаб чиқариш билан бирга қайта ишлаш ва реализация жараёнлари ҳам фаоллашаётганини кўрсатади.

Соҳалар бўйича ўсиш суръатлари таҳлил қилинганда, хизмат кўрсатиш тармоғи алоҳида ажралиб турибди. Ушбу йўналишда QQS тўловчилари сони бир йилда 86,5 фоизга ошган. Савдо соҳасида ўсиш 46,3 фоизни, ахборот ва алоқа соҳасида эса 22,6 фоизни ташкил этган. Бу ҳолат иқтисодиётда хизматлар улуши ортиб бораётгани, айниқса, рақамли хизматлар, IT йўналишлари ва онлайн савдо сегменти кенгаяётганини тасдиқлайди.

Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сонининг кўпайиши бизнес субъектларининг расмий иқтисодиётга жалб этилиши кучайганини англатади. Солиқ тизимида рақамли платформаларнинг жорий этилиши, ҳисоб-китобларнинг автоматлаштирилиши ва электрон ҳисоб-фактуралар амалиёти кенгайиши тадбиркорлар учун қулайлик яратмоқда.

Натижада солиқ интизоми мустаҳкамланиб, давлат бюджетига тушумлар барқарор ўсиш тенденциясини намоён этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, 2026 йил бошидаги маълумотлар, Ўзбекистон иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар давом этаётганини кўрсатади. Савдо, хизмат кўрсатиш ва ахборот-коммуникация соҳаларидаги фаолликнинг ошиши иқтисодий ислоҳотлар самарасини акс эттирмоқда. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сонининг 31 фоизга ўсиши  бизнес муҳитининг яхшиланиши, тадбиркорлик фаоллигининг ошиши ва иқтисодиётнинг шаффофлашуви белгисидир.

Ш.Маматуропова, ЎзА