“Uzbekistan Day”: мамлакатимизнинг критик минераллар соҳасидаги салоҳияти халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди

3

Торонто шаҳрида ўтказилаётган дунёнинг энг нуфузли тоғ-кон ва геология платформаларидан бири — «PDAC-2026» доирасида ташкил этилган “Uzbekistan Day” тадбирида Ўзбекистоннинг критик минераллар соҳасидаги салоҳияти халқаро аудиторияга намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги  бошчилигида ўтказилган тадбирда мамлакатнинг геологик имкониятлари, инвестицион жозибадорлиги ҳамда Mine–Metal–Market тўлиқ қиймат занжирига асосланган саноат модели глобал ҳамжамият вакилларига тақдим қилинди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон технологик металлар комбинати мутасаддилари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

“Uzbekistan Day” глобал тоғ-кон ва металлургия саноати вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Тадбирда 200 га яқин компания ва институт вакиллари, жумладан, AtkinsRéalis, AGT Systems NA, Xcalibur, Global Mining Capital Corp, United States Geological Survey ҳамда European Commissionнинг критик хомашё сиёсати йўналиши бўйича вакиллари иштирок этди.

Қидирув геофизиклари жамияти бошқарув директори тадбир доирасида Ўзбекистоннинг геологик ва кончилик салоҳияти юқори баҳоланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳрида кончилик соҳасига бағишланган халқаро конференция ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати билан самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакат ресурс салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш мақсад қилингани қайд этилди.

Тадбир давомида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги конларни ўзлаштириш, ноёб ва технологик металларни чуқур қайта ишлаш бўйича истиқболли лойиҳалар ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар тақдим этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон технологик металлар комбинати томонидан Канада компанияси OMAD International Inc. билан инвестицияларни жалб этиш ва саноат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди. Бундан ташқари, Erdenes IT LLC билан технопарклар ташкил этиш, қўшма илмий-тадқиқот ташаббусларини амалга ошириш ҳамда тоғ-кон, геология ва халқаро маркетинг йўналишларида ҳамкорликни назарда тутувчи келишувга эришилди.

Мазкур келишувлар Ўзбекистоннинг геологик салоҳиятини юқори қўшилган қийматга эга, глобал бозорда рақобатбардош саноат маҳсулотларига айлантиришга қаратилган Mine–Metal–Market моделини халқаро миқёсда илгари суриш ҳамда мамлакатни критик минераллар глобал қиймат занжирининг муҳим бўғинига айлантиришга қаратилган изчил стратегик ёндашувни акс эттиради.

ЎзА