Ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун репетицион тест синовлари ташкил этилмоқда

22

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, айрим ногиронлиги бўлган абитуриентларнинг паст балл тўплаши асосан икки омил билан боғлиқ.

Биринчидан, билим даражасининг етарли эмаслиги бўлса, иккинчидан, имтиҳон тартиб-қоидаларини билмаслик ҳамда тест форматида ишлаш кўникмасининг етарлича шаклланмаганлигидир.

Айрим ҳолатларда айнан тест тизимига мослаша олмаслик асосий омил сифатида намоён бўлмоқда.

Шу боисдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги махсус мактаблар битирувчилари учун диагностик (репетицион) тест синовлари реал имтиҳон шароитига максимал даражада яқинлаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда.

Бу эса ёшларга имтиҳон жараёнини олдиндан ҳис қилиш, тартиб-қоидаларни амалда синаб кўриш имконини яратади.

Репетицион тест синовлари орқали ўқувчиларнинг билим ва тайёргарлик даражаси баҳоланади,  имтиҳон муҳити, тартиби ва техник жараёнларга мослашиш имконияти яратилади, тест форматида ишлаш кўникмалари шакллантирилади.

Шунингдек, психологик барқарорлик ва ўзига ишонч мустаҳкамланади.

Бу каби ташаббуслар ногиронлиги бўлган абитуриентларнинг олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш, улар учун тенг шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Мазкур ташаббус Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА