Тумандаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича учрашув ўтказилди

14

 

Қўнғирот тумани ҳокими Б.Мадаминов, туман прокурори Ж.Реймов ва Давлат хавфсизлик хизмати Қўнғирот тумани бўлими бошлиғи раҳбарлигида Азатлик, Туран ва Орнек маҳаллаларида яшовчи ишсиз ёшлар, уларга бириктирилган масъул раҳбарлар ва ёшлар етакчилари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувда тумандаги 22 корхона ва ташкилот бўш иш ўринлари билан иштирок этди ва ёшларни ишга жойлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида ушбу маҳаллаларга бириктирилган масъул раҳбарлар томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. Айрим ҳолларда юклатилган вазифалар белгиланган даражада бажарилмаётгани сабабли ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилгани қайд этилди.

Учрашув якунида ишсиз ёшларни қисқа муддатларда иш билан таъминлаш, мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш ва ҳар бир ёш кесимида аниқ натижага эришиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, муддатли ҳарбий хизматдан қайтаётган ёшларнинг ота-оналари билан ҳам учрашиб, унда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва яқин кунларда қайтадиган ёшларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашув аввалида ота-оналарга фарзандларини Ватан ҳимоячиси этиб муносиб тарбиялаганлари учун миннатдорлик билдирди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда тумандаги 60 нафар ёш юртимизнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда.

Суҳбат давомида ҳарбий хизматдан қайтаётган ёшларни келгусида иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, уларни ишга жойлаштиришда куч тузилмаларига ишга қабул қилиш имкониятлари, касбга ўқитиш ва имтиёзли кредитлар ажратиш механизмлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан ҳарбий хизматдан қайтаётган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бу борада манзилли ишларни ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Учрашувда ота-оналарнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланиб, уларни қизиқтирган масалалар бўйича батафсил тушунчалар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги