Нукус туманида замонавий донни қайта ишлаш ускунаси ишга туширилди

Нукус тумани ҳудудидаги Дон ва шоли илмий-тадқиқот бирлашмаси томонидан қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, айниқса уруғчилик ва дон маҳсулотлари сифатини яхшилаш мақсадида муҳим лойиҳа амалга оширилди. Хитой давлатидан 100 минг АҚШ доллари маблағ эвазига замонавий, юқори самарадорликка эга асбоб-ускуна олиб келинди.
Ушбу ускуна соатига 5 тонна ҳажмдаги 20 турдаги дон маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятига эга. У орқали донни чанг ва аралашмалардан тозалаш, навларга ажратиш, махсус дорилар билан ишлов бериш ва тайёр маҳсулотни қадоқлаш ишлари автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Бу эса вақтни тежаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Янги технологияларнинг жорий этилиши қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий ёндашувларни кучайтиришга замин яратади. Айниқса, Нукус туманида етиштирилаётган дон ва шоли маҳсулотларининг экспортбоплигининг ошиши, шу билан бирга, уруғлик донларни сифатли саралаш ва дорилаш орқали келгуси мавсумда ҳосилдорликни янада ошириш имконияти туғилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги