Ҳомиладорликда тиш даволаш мумкинми?

28

Ҳомиладорлик даврида аёлларда тиш оғриғи жуда кўп кузатилади. Бунинг сабаби гормонал ўзгаришлар, кальций етишмовчилиги, қон оқимининг кучайиши ва яна бошқа омиллар сабаб бўлиши мумкин. Бу даврда тишларни даволаш, жумладан тиш санчиш, пломба қўйиш, нерв каналларини тозалаш, тиш олдириш ёки бошқа стоматологик муолажалар мумкин ва ҳатто тавсия этилади. Мутахассисларнинг фикрича, даволанишни кечиктириш инфекция тарқалишига, касалликнинг кучайишига ёки соғлиққа зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий мутахассислар тавсиясига кўра:

– ҳомиладорликда тиш даволаш мумкин, лекин, бир неча қоидаларга риоя қилиш керак. Ҳомиланинг биринчи уч ойлигида (1-13 ҳафта) иложи борича кечиктириш тавсия этилади, чунки бу ҳомила учун энг нозик ривожланиш даври. Иккинчи уч ойлик (14-27 ҳафта) – энг қулай ва хавфсиз давр ҳисобланади, чунки боланинг аъзолари шаклланган, онанинг аҳволи барқарор бўлади. Учинчи триместрда (28-ҳафтадан туғруққача) енгил муолажалар ўтказилади, узоқ давом этадиган ва оғиз муолажалари тавсия этилмайди. Чунки бу даврда онанинг узоқ вақт орқа томонда ётиши қийинлашади ва бола учун хавфли бўлади. Стресс ва касалликлар эрта туғруқ хавфини келтириб чиқариши мумкин.

ADA (American Dental Association) маълумотларига кўра, профилактик, диагностик ва даволаш муолажалари (шу жумладан, рентген, локал анестезия, пломба, тиш олдириш, тиш каналларини даволаш) ҳомиладорликнинг ҳар қандай босқичида хавфсиз. Даволашни кечиктириш мураккаб муаммоларга олиб келишини ёзади.

Нима учун даволаш зарур?

Ҳомиладорликда гормонал ўзгаришлар туфайли милкларда яллиғланиш, қонаш кузатилади ва тишлар сезувчан бўлади. Даволанмаган кариес ёки инфекция она ва ҳомила саломатлигига зарар етказиши мумкин (масалан, инфекция тарқалиши ёки эрта туғиш хавфи). Онанинг оғиз бўшлиғидаги бактериялар овқат орқали чақалоққа ҳам ўтиши мумкин. Шу сабабли гинеколог ва стоматолог билан маслаҳатлашган ҳолда даволашни кечиктирмаган маъқул.

Қандай муолажалар хавфсиз?

– пломба қўйиш, кариес даволаш;

– нерв каналларини даволаш;

– тиш олдириш (фақат зарур бўлганда, оғриқ кучли ёки инфекция хавфи бўлганда);

– рентген – ҳимоя билан;

– анестезия – ҳомилага зарар етказмайдиган дорилар (стоматолог танлайди).

Ҳомиладорлик бошида (биринчи пренатал кўрикда) стоматологга мурожаат қилинг.

Тиш оғриғи ёки милк муаммоси бўлса, кечиктирмай шифокорга боринг.

Ҳар куни тишларни икки марта тозаланг.

Овқатдан кейин оғизни чайинг (айниқса, қусиш бўлса – сода эритмаси билан).

Ҳомиладорлик – тишларни даволаш учун тўсиқ эмас, балки имконият. Даволанмаган тишлар сиз ва болангиз учун хавфли бўлиши мумкин. Доимо стоматолог ва гинеколог билан маслаҳатлашинг – улар сизнинг ҳолатингизга мос дори ва усулларни танлайди.

Бибисанем Жолдасбаева,

Бердақ номидаги ҚҚДУнинг 2-курс магистранти.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги