Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш — давр талаби

8

Жиноят ишлари бўйича Бўзатов тумани судининг тергов судьяси Қайрат Қипчоқбоев томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талаба-ёшлар иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда 2025 йил давомида олий таълим муассасалари талабалари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилди.

Таъкидланганидек, сўнгги вақтларда талаба ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар асосан йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ. Хусусан, ойнаси қорайтирилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, автомобиль бошқариш пайтида телефондан фойдаланиш, белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмаслик, қарама-қарши ҳаракатланиш йўлига чиқиш каби қоидабузарликлар кенг тарқалаётганига тўхталиб ўтилди. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гуруҳ бўлиб хавфли ҳаракатланиш, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, ҳайдовчилик ҳуқуқисиз транспорт бошқариш, лицензиясиз йўловчи ташиш, майда безорилик, жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, қонун талабларига риоя этмаслик, шунингдек, интернет тармоқларида ёлғон ахборот тарқатиш каби ҳуқуқбузарликлар учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгилангани атрофлича тушунтирилди. Судья ушбу ҳуқуқбузарликларнинг аҳамияти ва улар учун қўлланиладиган жазо чоралари ҳақида мисоллар асосида батафсил маълумотлар берди.

Учрашув доирасида сайёр очиқ суд мажлиси ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддаси (автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш) бўйича 18 нафар шахсга нисбатан маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Суд томонидан ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, белгиланган 30 кун ичида қоидабузарликни ихтиёрий бартараф этгани – яъни йўловчи ташиш учун тегишли лицензия олгани инобатга олингани учун 11 нафар ҳуқуқбузарга оид иш иш юритувдан тугатилди. Қолган  7 та шахсга эса, қонун доирасида маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Ўтказилган ушбу тадбирнинг асосий мақсади – ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик руҳида тарбиялашдан иборат. Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди. Айниқса, сайёр суд мажлиси ёшларда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида аниқ ҳуқуқий тушунча шакллантирди.

Зияда Турғанбоева,

Индира Кувандикова,

Бердақ номидаги ҚДУнинг 2-курс талабалари.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги