Озарбайжон ўз сарҳадида гуманитар йўлак очди

Эрондаги можаро фонида “Астара” чегара ўтиш пункти одамлар билан тўлди. Гап шундаки, Эрон-Озарбайжон чегара нуқтасида озарбайжонлик ҳарбийлар Эронни тарк этаётганларни сув, иссиқ чой, хурмо ва енгил таомлар билан кутиб олмоқда.
Чегара назоратидан ўтганлар кейинчалик ўз яшаш мамлакатига йўл олиш имконига эга бўлади.
Маълумотларга кўра, чегарадан ўтаётганларнинг аксарияти ватанга қайтган озарбайжонликлар. Шу билан бирга, 50 нафар хорижий фуқаро ҳам эвакуация қилинган. Улар орасида 18 нафар саудиялик, 10 нафар қатарлик дипломат, 6 нафар БАА вакили, 1 нафар италиялик, 4 нафар иорданиялик, Тожикистондан 5 кишилик оила, 3 нафар бангладешлик ва 18 нафар хитойлик бор. Польша, Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бразилия, Тунис ва Франция фуқаролари ҳам ушбу йўлакдан фойдаланган.

Эронни тарк этиш учун “эвакуация коди” талаб этилади, бироқ барча ҳам бу тартибдан хабардор эмас, шу боис айримлар чегарага келиб, ҳужжатлаштиришда муаммога дуч келмоқда.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига Теҳронга сафар қилмасликни тавсия қилди ва у ерда яшаётганларни чиқиб кетишга чақирди. Маҳаллий ОАВ автобуслар ажратилгани ва фавқулодда хизматлар шай ҳолатда турганини хабар қилмоқда. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Оқим қачон тўхташи эса Эрондаги вазият ривожига боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА