АҚШ делегация иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди
Аввал хабар берганимиздек, ҳафта давомида АҚШнинг Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси вице-президенти Карлос Родригес-Галиндо бошчилигидаги делегация мамлакатимиздаги шифо масканларида бўлди.
Бугун Тошкент давлат тиббиёт университетида хорижий экспертлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханова, шунингдек Америка делегацияси вакиллари, ЖССТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда болалар онкологияси йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ЖССТ ва Сент-Жуд муассасаси ташаббуси билан болалар саратонига қарши йўлга қўйилган Глобал платформага биринчилардан бўлиб қўшилгани бу борада ташланган дадил қадамлардан биридир.

Болалар саратонига қарши юқори сифатли, самарали ва хавфсиз дори-дармон билан бепул таъминлашга қаратилган мазкур йирик лойиҳа доирасида юртимизнинг 14 ҳудудидаги шифохоналар, Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар миллий тиббиёт марказида даволанаётган 2000 нафар ўғил-қиз учун сифатли препаратлар бепул етказилмоқда. Халқаро стандартга асосланган бундай воситалар билан бемор болалар 2028 йилгача узлуксиз таъминланади.

Матбуот анжуманида юртимизда болалар саратонига қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар, жумладан халқаро ҳамкорликка доир муҳим масалалар муҳокама қилинди. Хорижий экспертларнинг юртимизга амалий ташрифлари натижаси ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Айтиш жоиз, бу галги делегация таркибидан жаҳоннинг етакчи экспертлари, жумладан “St. Jude Global” халқаро ташаббуси вакиллари ва ЖССТ Европа минтақавий бюросининг болалар онкологияси ва паллиатив ёрдам бўйича мутахассислари ўрин олган. Ташриф дастури кенг қамровли ва стратегик хусусиятга эга бўлиб, фарзандларимизга кўрсатилаётган хизматнинг асосий жиҳати – клиник амалиёт ва дори-дармон таъминотидан тортиб, соҳани рақамлаштириш ва паллиатив ёрдамни ривожлантиришгача бўлган жараённи ўз ичига олди.

Бир ҳафта давомида меҳмонлар “Uzbekistan Airports Cargo” логистик мажмуаси фаолияти ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакцина омборида онкологик дори воситаларини “совуқлик занжири” асосида сақлаш ва ташиш жараёни билан яқиндан танишди. Шунингдек, Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази, “Taskin” болалар онкологик хосписида ҳам бўлишди. Ягона интегратор – “UZInfoсom”да саратон билан касалланган беморларни электрон рўйхатга олиш ва йўналтириш, дори воситалари болаларга хавфсиз ва вақтида етиб бориши тизими ҳақида маълумот олишди.
“Mehrli maktab” таълим лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишган хорижлик экспертлар мамлакатимизда айни йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳоладилар.
Гўзал Сатторова, ЎзА