Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича масалалар муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов томонидан ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва аграр тармоқ вакиллари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Қораўзак ва Чимбой туманларида учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувларда туман ҳокимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластер ва кооперация тизими вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди. Тадбирлар давомида ғалла ва пахта етиштириш самарадорлигини ошириш, экин майдонларидан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, буғдой етиштиришда юқори ҳосилли навлардан фойдаланиш, минерал ўғитларни белгиланган меъёр асосида қўллаш, суғориш тизимини такомиллаштириш ва ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш бўйича масалалар кўриб чиқилди. Пахта етиштириш жараёнида эса агротехник парвариш ишларини сифатли ташкил этиш, замонавий техникалардан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш чоралари муҳокама қилинди.
Шунингдек, пахтачиликда илғор тажриба сифатида «Чинжон» усулида пахта етиштиришни кенг жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Бу усул орқали сув ва ресурс тежашга эришиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда юқори ва барқарор ҳосил олиш имкониятлари қайд этилди.
Бу борада мутасаддиларга амалий чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Кенгаши Раиси қишлоқ хўжалиги ҳудудлар иқтисодиётининг таянч тармоғи эканини таъкидлаб, буғдой ва пахта етиштиришда юқори натижаларга эришиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш муҳим вазифа эканини қайд этди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан мутасадди раҳбарларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги