Талаба-ёшлар учун китоб кўргазмаси ташкил этилди

3

 

«Китоб – билим булоғи» деб халқимиз бежиз айтмаган. Биз рақамли технологиялардан қанчалик кўп фойдалансак ҳам, китобдек билимга эга бўла олмаймиз. Чунки муаллиф меҳнати сингган ва бебаҳо билим хазинасига эга бўлган китобнинг ўрнини ҳеч бир қўлланма боса олмаса керак.

Мамлакатимизда китоб мутолааси ва китоб нашр этишни такомиллаштириш борасида бир қанча чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу тадбирлар натижаси китобхонлик бўйича ўтказилаётган танловларда ўз самарасини кўрсатмоқда. Шунингдек, жойларда ўтказилаётган китоб кўргазмалари ҳам муҳим ўрин тутади.

Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетида университетнинг Ахборот-ресурс маркази билан ҳамкорликда талаба-ёшлар учун китоб кўргазмаси ташкил этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг асарлари билан бир қаторда жаҳон адабиёти, ўзбек ва қорақалпоқ адабиётига оид сара бадиий китоблар кўргазмага қўйилиб, иштирокчиларга тақдим этилди.

Тадбир давомида факультет талаба-ёшлари Президентимизнинг нашр этилган асарлари билан яқиндан танишиб, уларда илгари сурилган ғоялар, долзарб мавзулар ва асарларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда чоп этилган замонавий бадиий адабиётлар билан танишиш имкониятига эга бўлиб, китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қиладиган адабиётлар юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур китоб кўргазмаси талаба-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва бадиий адабиётга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилди.


Сардор Йўлдошев, Бердақ номидаги ҚДУ қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабаси