Адабий танқид кенгашининг ўтган йилги фаолияти кўриб чиқилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Адабий танқид кенгашининг 2025 йилги фаолияти якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Адабий танқид кенгаши – адабий жараён ривожида алоҳида ўрин тутади. Чунки адабий танқид бадиий ижоднинг барча турлари – лирик, эпик ва драматик асарларни тадқиқ этади, ютуқ ва камчиликлари юзасидан таҳлилий қарашларни билдиради.
2025 йил адабий танқид учун самарали бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий танқид кенгаши аъзолари режа асосида соҳа ривожининг муҳим масалалари, адабий танқид олдида турган долзарб муаммоларга бағишланган йиғилишлар ўтказди.
Кенгаш аъзолари Ёзувчилар уюшмасига келган ўнлаб асарлар қўлёзмаларига тақризлар ёзди. Вилоятларда ўтказилган адабиёт кунларида иштирок этди. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этиб, адабий танқид соҳасига кириб келаётган истеъдодларнинг фаолиятига баҳо бериб, уларга маҳорат дарслари ўтди. Ижод мактаблари ўқувчиларига бадиий ижод сирларидан сабоқлар берди.
Ҳисобот йилида замонавий адабий жараён таҳлилига доир 10 дан ортиқ китоблар, 200 дан зиёд мақолалар чоп этилган. Замонавий адабий жараён таҳлилида Қозоқбой Йўлдошев, Сувон Мели, Дилмурод Қуронов, Абдулла Улуғов, Нурбой Жабборов, Баҳодир Карим, Узоқ Жўрақулов каби олимларимиз етакчилик қилди.
Республикамиздаги адабий ойна саналган “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Ёшлик” журналларида ҳамда “Жадид” газетасида нашр этилган турли жанрлардаги (илмий мақола, обзор-мақола, суҳбат-мақола, адабий портрет характеридаги мақола) илмий изланишлар бадиий тафаккур кенгликларига теран назар ташлаётган адабиёт илми фидойиларининг кўз нури, қалб қўри, интеллектуал салоҳиятини намоён этган.
Республикамизда 2025 йил давомида мумтоз матнлар тадқиқига бағишланган 20 га яқин монография ва рисолалар, 100 га яқин мақолалар чоп этилди. Улар орасида монографик планда яратилган тадқиқотлар алоҳида ўринга эга.
2025 йилги даврий нашрларда биргина навоийшунослик масалалари бўйича 50 га яқин таҳлилий мақола эълон қилинди. “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ўзбек тили ва адабиёти” журналларида 60 дан ортиқ мақола нашр этилган.
Маърузачилар адабий жараён таҳлилига бағишланган китоблар ва мақолалар юзсидан таҳлилий-танқидий фикрлар билдирди. Музокарага чиққан адабиётшунос олимлар ва ижодкорлар Адабий танқид кенгашининг йил якунларига бағишланган йиғилиши юқори савияда ўтганини эътироф этди. Келгуси режалар белгилаб олинди.
Н.Усмонова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА