Кадастр ҳужжатларини хатлаш ва рақамлаштириш давом этмоқда

14

Айни пайтда Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси филиаллари архивларида жами 490876 та кадастр ҳужжати сақланмоқда. Шундан бугунги кунда 212539 дона архив ҳужжатларига хатлов ишлари ўтказилиб қайта тартибга келтирилган.

Архив ҳужжатларини хатловдан ўтказиш натижасида Давлат кадастрлари палатаси томонидан тасдиқланган «Методик қўлланма»га мувофиқ ҳужжатларнинг тартибини тўғри юритиш ва уларни рақамлаш, шунингдек, рақамлаштириш ишлари олиб борилиб, мавжуд 490876 дона кадастр ҳужжатидан 95 фоизи рақамлаштирилди.

– Булар архив кадастр ҳужжатларини иш жараёнида фойдаланишда осон ва тез топилишини таъминлаб, электрон нусхаларининг йиллар давомида сифатли сақланишига эришмоқдамиз, – дейди бошқарма матбуот хизмати бошлиғи П.Ажимуратов.

Давлат кадастрлари палатаси томонидан архив ҳужжатларининг сақланишига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар қандай фавқулодда ҳолатлар юз берганда ҳужжатларнинг хавфсиз, узоқ муддатга сақланишини таъминлаш ва келажак авлодга сифатли ҳолда етказиб бериш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Нукус шаҳар, Амударё, Тўрткўл, Беруний, Кегейли ва Элликқалъа туман филиалларида мобиль стеллажлар ўрнатилди.

2026 йилги режага мувофиқ, Нукус тумани филиалига замонавий мобиль стеллажлар ўрнатилиб, Мўйноқ, Қўнғирот, Элликқалъа, Шуманай туманларида архив кадастр ҳужжатларини рақамлаб қайта тартиблаш, яъни хатлов ишларини якунлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатларнинг сифатли ва узоқ муддат сақланишини таъминлаш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг ўзида архив хонаси ҳам ташкил этилди ва тегишли тартибда ички ҳужжатларининг сақланиши таъминланмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги