Фармацевтика: кореялик мутахассислар билан ҳамкорликнинг кейинги босқичи муҳокама қилинди

23

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Korea Overseas Infrastructure & Urban Development Corporation (KIND) томонидан “2025 K-City Network: Тошкент Смарт Био-Кластер” лойиҳаси доирасида навбатдаги ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган SMART-BIO CLUSTER лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йирик ташаббус биосаноат зонаси, илмий-тадқиқот маркази, сунъий интеллект ва стартаплар ҳудуди, шунингдек ижтимоий ҳамда муҳандислик-инфратузилма объектларини ўз ичига олади.

Музокаралар давомида устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан,  SMART-BIO CLUSTER лойиҳасини амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш,  замонавий биотехнологик ва фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини яратиш,  илмий-тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида қўшма лойиҳаларни шакллантириш, соҳада илғор хорижий тажрибани жорий этиш,  юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш,  фармацевтика кластерлари самарадорлигини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти, жумладан, ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссаси, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти алоҳида қайд этилди. Учрашув якунида томонлар лойиҳани кейинги босқичга олиб чиқиш, хусусан, техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш ва уни юқори даражада тақдим этиш масалалари юзасидан келишувга эришди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, фармацевтика ва биотехнология соҳаларига йирик инвестицияларни жалб қилиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга инновацион ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА