Экспорт йўлидаги тўсиқлар камаяди, халқаро тажриба кенг жорий этилади

15

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Франциянинг нуфузли халқаро “Bureau Veritas” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур мулоқот мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Учрашув давомида сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган тизимли ўзгаришлар, хусусан, сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш ва миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида ривожлантириш экспорт ҳажмини кўпайтириш ва маҳсулотларнинг ташқи бозорларга эркин чиқишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Томонлар лаборатория синовлари соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ва инновацион синов усулларини жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш бўйича қўшма ўқув дастурларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, халқаро стандартлар ва менежмент тизимларини амалиётга кенг татбиқ этиш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларини рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

“Bureau Veritas” вакиллари соҳани халқаро андозаларга уйғунлаштириш, глобал стандартлардан самарали фойдаланиш муҳитини яратиш ҳамда замонавий баҳолаш механизмларини жорий этиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Улар бундай ҳамкорлик нафақат сифат назорати тизимини мустаҳкамлаш, балки инвестициявий жозибадорликни оширишга ҳам хизмат қилишини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар мазкур мулоқот ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро илғор тажрибани миллий амалиётга самарали жорий этиш ва сифат инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ш.Маматуропова, ЎзА