Беруний туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасидаги ишлар ўрганилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев янги иш ўринларини яратиш, халқнинг фаровон турмушини таъминлаш борасида Беруний туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси эркин иқтисодий зона ҳудудида 3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштириш орқали ишга туширилиши режалаштирилган «JINFING SILK ROAD TRADING» МЧЖ томонидан газоблок ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг, ЭИЗ ҳудудида янгидан ташкил этилаётган «GLOCONITE MINERAL» МЧЖ томонидан минерал ўғит ишлаб чиқариш, «BERUNIY AGROSTAR» МЧЖ томонидан гранулаланган омухта ем ишлаб чиқариш, «KONIRAT MINERAL» МЧЖ томонидан балиқчилик, паррандачилик ва чорва озуқаси учун қўшимчалар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишларининг бориши кўздан кечирилди. Шунингдек, «Eko Agro capital» томонидан хориждан олиб келинган наслли товуқлар асосида амалга оширилган тухум етиштириш лойиҳаси кўриб чиқилди. Тадбиркорларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун яқиндан кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори асосида ОПЕК халқаро тараққиёт фонди иштирокида янги қурилган «Шимом» маҳалласи ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маскани биносида яратилган шароитлар бориб кўрилди. Ҳудуд аҳолиси билан мулоқот қилиниб, халқ фаровонлиги йўлидаги чора-тадбирлар бундан буён ҳам давом эттирилиши таъкидланди.
«Хорезм» маҳалласи ҳудудида банк балансидаги бўш турган бинода клиника ташкил этиш бўйича ишга туширилиши белгиланган инвестиция лойиҳаси, «ERIZON» МЧЖ корхонаси томонидан амалга оширилаётган замонавий савдо комплексини ташкил этиш лойиҳаси, шунингдек, «Беруний тумани томорқа хизмати» МЧЖ томонидан иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси ишлари ҳам ўрганилди.




«Амир Темур» маҳалласи ҳудудидаги реновация дастури доирасида эскирган 2 қаватли 7 та уй ўрнига замонавий кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳаси ҳам бориб кўрилди. Қурилиш ишларини талаб даражасида бажариш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги