Сурхондарё тараққиёт сари дадил одимламоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари амалий сафарини анъанага кўра, Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, халқимизга, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, муқаддас динимизнинг эзгулик, инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда зиёратчилар учун барча шароит яратилди. Атроф ободонлаштирилиб, мақбарада ҳам катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Замонавий ёритгичлар, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилди. Мажмуада микроиқлим яратиш учун тўрт мингдан ортиқ 40 турдаги кўп йиллик манзарали дарахт, 20 мингдан зиёд мавсумий анвойи гуллар экилган.
Ислом илмларининг тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар каби соҳаларида кўплаб асар ёзган мутафаккир мажмуасини обод сақлаш, зиёратчилар учун қулайликларни кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”га ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб сув хўжалигида маҳаллийлаштирилган техника ва ускуналар тақдимоти билан танишди.
Сув тежаш технологиялари ва замонавий ирригация тизимларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш орқали харажатларни камайтириш, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, фермер ва аҳолининг талабини тезкор таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.
Президентимиз бу йўналишга янада кўпроқ эътибор қаратиш, бунда илмий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди.
“Томорқа мактаби” аҳолини ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, сердаромад экин турларини жорий этиш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини ўргатишга ихтисослашган. Муассаса банкларнинг молиявий кўмагида фаолият юритмоқда.
Энг муҳими, бу ерда ишсиз ва кам таъминланган оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилади. Мазкур жараёнда деҳқончиликнинг илмий асослари, юқори даромадли маҳсулот етиштириш технологиялари ва замонавий томорқачилик усуллари амалий равишда ўргатилмоқда.
Инновацион мактаб Термиз, Музработ, Қизириқ, Бандихон, Ангор ва Жарқўрғон туманларини қамраб олган бўлиб, унинг таркибида ўқув биноси, уч гектар иссиқхона ҳамда уч гектар ўқув-тажриба майдони мавжуд.
Иссиқхонада Сурхондарё шароитига мослаштирилган банан, папайя, розмарин, лаванда, лимон, анжир, брокколи, булғор қалампири ва бошқа экинлар етиштирилмоқда. Шунингдек, кўчатчилик ва гулчилик йўлга қўйилган, томчилатиб суғориш тизими жорий этилган.
Мактабда Сурхондарё шароитида бир йилда уч марта ҳосил олиш амалиёти ўқитилмоқда. Ўқув жараёнига олимлар, мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар жалб этилган.
Шу пайтга қадар 1300 га яқин ишсиз ва камбағал оила аъзоси махсус курсларни тугатиб, ўз томорқаси ёки ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўзини ўзи банд қилган. Ҳоким ёрдамчилари ҳар ойда 220 нафардан, йилига 2700 нафаргача томорқа ва ижара ер эгаларини ўқишга йўналтирмоқда. Тингловчилар учун йўлланма ёки ваучер тизими орқали ўқиш харажатлари қоплаб берилади.
Курсда қатнашувчиларга юқори даромадли экинлар экиш ва бир сотих ердан ўртача 10-15 миллион сўм даромад олиш методикаси амалиётда кўрсатилади. “Агростар” компаниялари эса тингловчиларни уруғ ва кўчатлар билан таъминлаб, етиштирилган маҳсулотларни харид қилишни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари мактабда томорқадан уч марта ҳосил олиш амалиёти, саноатлашган боғлар ва сув тежовчи технологиялар тақдимоти билан танишди. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратиш, ҳудуд учун янги бўлган ўсимликлар, шу жумладан, цитрус ва тропик мевалар етиштиришни ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Яратиб берилаётган имкониятлардан, ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланаётган воҳада аҳолининг тўкин, фаровон яшашига янги-янги ғоялар асосида ёндашилаётгани одамларнинг даромадини ошириб, ҳудудларнинг камбағаллик даражасини пасайтирмоқда. Жумладан, бундан икки йил аввал вилоятнинг камбағаллик даражаси 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йил якуни билан бу кўрсаткич 4,5 фоизга тушди. Бу йил воҳанинг камбағаллик даражасини 2,8 фоизга тушириш мўлжалланаётир.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасининг амалий натижаларини кўздан кечирди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида тизимли бажарилмоқда.
Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ушбу 287 миллион долларлик мегалойиҳа ҳам соҳада эришилаётган натижалардан бири саналади.
Мазкур ташаббус доирасида ўтган йиллар давомида катта ҳажмдаги қурилиш, монтаж ишлари амалга оширилди. Замонавий механизмларнинг йўлга қўйилиши натижасида бугун минералларга бой ичимлик суви вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига узлуксиз етказиб бериляпти.
Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви билан қамров саккиз-тўққиз йил олдин 47 фоиз эди. Бугун ушбу рақам 67,5 фоизгача ошишига эришилди. Натижада аҳолининг сув таъминотидаги ҳолати нафақат миқдор, балки сифат жиҳатдан ҳам сезиларли яхшиланди.
Президент бу каби йирик энергетик, технологик ва ижтимоий самарадор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳар жиҳатдан зарурлигини таъкидлади. Бундай тажрибаларни келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш мумкинлигига эътибор қаратди.
Техник жиҳатдан лойиҳанинг катта ютуғи 246 километр магистрал ва ички тармоқнинг барпо этилиши бўлди. Муҳими, гидравлик ҳисоблар асосида босимни насоссиз узатиш имконияти яратилди. Бу нафақат энергия сарфини кескин камайтиради, балки тизимнинг барқарорлигини таъминлайди. Айнан шу инновацион ёндашув туфайли Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ каби туман марказларига сув электр энергия сарфисиз етказиб бериляпти.
Мазкур ташаббус ортидан бугунги кунда 223 та маҳаллада обиҳаёт таъминоти мустаҳкамланди. Сувнинг қаттиқлик даражаси эса икки бараваргача камайтирилди. Сифатнинг ортиши аҳоли саломатлиги ва маиший жиҳозлар хизмат муддати узайишида муҳим омил ҳисобланади.
“Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотида ташкил этилган геоахборот маркази эса тизимнинг реал вақтда назорат қилинишига шароит яратди. Босим пастлаши, авария ҳолатлари, сув йўқотиш каби масалаларни бир неча дақиқада аниқлаш имконияти туғилди.
Сув таъминоти яхшилангани сабабли ҳудудлардаги юздан ортиқ ер ости сув қудуқларидан фойдаланишга эҳтиёж қолмади. Бу экологик юкни камайтиради.
Шунингдек, лойиҳа натижасида йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинади. Бу маблағ ва ресурс жиҳатидан 18,5 миллиард сўм иқтисод қилинишини англатади. Истеъмолчиларнинг биллинг тизимига уланиши эса сувни ҳисоблашда шаффофликни оширди, қарздорликни камайтирди.
Яна бир муҳим жиҳати, бу ердаги 10 гектар майдонда 6418 киловатт-соат қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоятнинг гидроэнергия кўрсаткичлари ҳамда соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Вилоятда ҳали ечилмаган сув таъминоти масалаларини тезкор ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, эски насос агрегатларини энергия тежамкор технологияларга алмаштириш, тармоқларни модернизация қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди.
Мамлакатимизда аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, замонавий ва шинам турар жойлар барпо этиш ишлари изчил кенгаймоқда. Президентнинг 2021 йил 12 октябрдаги фармонига мувофиқ “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилаётган шундай лойиҳалардан бири Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қад ростламоқда.
Чўл ҳудудини ўзлаштириш ҳисобига бунёд этилаётган массивнинг 50 гектарида 116 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Ҳозиргача поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб ва маҳалла биноси фойдаланишга топширилиб, 68 та уйдаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди.
Шунингдек, ахборот технологиялари ва инглиз тили ўқув маркази иш бошлаган, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилган. Ичимлик суви, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилиб, 250 киловаттли трансформатор ўрнатилган. 4,5 гектар ерга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган.
Келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда яна 14 та (280 хонадонли) кўп қаватли уй-жой, янги йўллар, истироҳат боғи қуриш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Мамлакатимизда замонавий уй-жой қурилишига қаратилаётган юксак эътибор вилоятнинг урбанизация даражасини 35,6 фоиздан 36,2 фоизга ўстирди. Айни пайтда воҳадаги 1 минг 722 та кўп қаватли уйдаги 44 мингта хонадонда 160 мингдан ортиқ киши истиқомат қилиб келмоқда. 2018 йилгача вилоятда 1 минг 240 дан ортиқ кўп қаватли уй мавжуд эди. Кейинги 9 йилда 481 та осмонўпар турар жой биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. Уй-жой фонди 603 мингтага етиб, аҳолининг турар жой билан таъминланганлик даражаси 69 фоизни ташкил этди. Жорий йил яна 9 минг 500 хонадонли 172 та кўп қаватли уй қад ростлайди.
Ташриф чоғида Президентимиз массив ҳудудида фаолият юритаётган “Янги ёшлар” бошқарув сервис компанияси иши билан танишди. Компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилган.
Инклюзив таълим ҳар бир боланинг, жисмоний ёки ақлий ҳолатидан қатъи назар, мактабга бориши ва сифатли таълим олишини таъминлашни назарда тутади.
Давлатимиз раҳбари массивдаги 66-мактабда яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган имкониятлар билан танишди.
Мактабда бугун 500 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ногиронлиги бор болаларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш учун алоҳида ёндашувлар жорий этилган, 50 га яқин махсус мутахассис ва педагоглар фаолият юритмоқда. Мактаб ҳовлиси, йўлаклар, ўқув хоналари, овқатланиш хонаси, спорт зали ҳамда муолажа хонаси зарур шароитлар билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбари мактабда яратилган шароитлар билан танишар экан, сунъий интеллект, рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларнинг бугунги ёшлар ҳаёти, келажаги учун нақадар муҳимлигига эътибор қаратди.
– Сунъий интеллектга ўқитиш дастурларини бежиз мактаблар таълимига жорий этмаяпмиз, ўқувчилар олий таълим муассасалари, меҳнат бозори ва келажак касбларига тайёр бўлиб боришларини истаймиз, – деди Президент.
Шундан сўнг Президентимиз массивдаги хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқув марказини кўздан кечирди.
6,5 миллиард сўм ҳисобига барпо этилган 400 ўринли мажмуа йилига 2 мингдан ортиқ ёшга таълим олиш ва лойиҳалар устида ишлаш имкониятини беради. Бу ерда 200 нафарга яқин ўқувчи компьютер саводхонлиги ва front-end йўналишларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олган. 150 нафарга яқин ўқувчи IELTS имтиҳонларида В2 ва ундан юқори натижаларни қайд этган. Марказда 20 га яқин мутахассис фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари ёшларни илмга йўналтириш, жумладан, хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бундай мажмуалар аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бугун бундай марказларнинг келажак интилишларини қўллаб-қувватлашимиз, керак бўлса, уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, хорижий ҳамкорлар билан боғлашимиз лозим. Шундагина ота-оналар фарзандларини ишонч билан мана шундай марказларда ўқитади, – деди Президент.
Кўклам яқинлашиши билан ҳудудларда баҳорий байрам сайилларини уюштириш анъанага айланган. Президентимиз массивдаги сумалак сайлида иштирок этиб, аҳоли билан бирга шодиёна кайфиятда бўлди, бу ерда истиқомат қилаётган инсонларнинг самимий фикрларига қулоқ тутди.
– Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга ҳурмат билан қарамоқда, халқимиз учун яратилаётган шароитларни кўриб, ислоҳотларнинг самарасига гувоҳ бўлмоқда. “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳам одамларимиз фаровон ҳаёт кечириши, шинам уйларда яшаши учун барпо этиляпти. Мен доим “таълим-таълим” деб бежиз айтмаяпман. Билимимиз, мана шундай бунёдкорона меҳнатимиз билан юртимизнинг обрў-эътиборини янада юксалтириб, дунёда муносиб ўрин эгаллаймиз. Сурхондарёнинг эли меҳнаткаш, танти, бу ерда ҳали кўп янгиликларни амалга оширамиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди.
Сўнгги йилларда вилоятда тадбиркорлик жадал ривожланиб, инвесторларнинг ҳудудга қизиқиши тобора ортмоқда.
Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 63,7 триллион сўмга етди. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4 минг 820 тага етказилиб, 18,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Дунёнинг 37 давлатига 483 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинган лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларини қамраб олган. Уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва геология, енгил саноат, озиқ-овқат, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, таълим, хизмат кўрсатиш ҳамда туризм соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш назарда тутилган.
Умумий қиймати қарийб 1,6 миллиард доллар бўлган лойиҳалар Россия, Хитой, Туркия, Покистон, Япония, Германия, Ҳиндистон, Мўғулистон билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари инвесторлар билан суҳбатлашди.
Шундан сўнг жамоатчилик вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга тушириш ва бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, тоғ-кон саноати, геология, енгил саноат, мебелсозлик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди.
Жумладан, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва маҳаллий инвесторлар иштирокида 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилди.
Шунингдек, Австрия, Германия, Нидерландия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия ва Афғонистон давлатлари билан ҳамкорликда 6 миллиард 300 миллион долларлик 31 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 82 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 1 миллиард 400 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий қисмда ҳам бўлди.
Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қўшинларнинг жанговар салоҳияти ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада юксалтиришда муҳим омилга айланмоқда.
Мазкур қисмда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шароит яратилган. Ўқув бинолари, ошхона, ётоқхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт шаҳарчаси энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.
Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Олий Бош Қўмондон томонидан қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.
Бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда, миллий армиямиз замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди.
Миллий армиямизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизлигимизга мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлигини юксалтириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини изчил давом эттириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида барпо этилган этношаҳарчага ташриф буюрди.
Ушбу лойиҳа Сурхондарё тарихи, ҳунармандчилиги ва анъанавий санъати намуналарини намоён этиш учун замонавий инфратузилмага эга янги маданий маскан сифатида яратилди.
Мажмуа 10 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан барпо этилди. Олти гектар майдонда тарихий қиёфадаги бинолар, оилавий меҳмон уйи, дўмбира устахонаси, бахшичилик экспозицияси, миллий таомлар ресторани, болалар учун ўйин майдончаси ҳамда мусиқий фавворалар қад ростлаган.
Шаҳарча йилига 180 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш қувватига эга, бу ерда 250 нафар одамга доимий иш ўринлари яратилади. Меҳмонлар нафақат ҳунармандларнинг маҳсулотларини харид қилишлари, балки уларнинг ишини кузатишлари ҳам мумкин.
Президентимиз туризм масканида яратилган шароитлар билан танишди, ҳунармандлар билан мулоқот қилиб, ташриф буюрувчилар учун ташкил этилган бадиий дастурни томоша қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари