Чемпионлар муносиб кутиб олинди

Аввал хабар берганимиздек Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида футбол бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда Қорақалпоғистон Республикаси футбол академиясининг 2013 йилда туғилган тарбияланувчилари чемпионликни қўлга киритган эди.
Кеча турнир ғолиблари бўлган кичик футболчиларимиз Нукус шаҳрида академия раҳбарияти, мураббий-ўқитувчилар, ота-оналар ва спорт мухлислари томонидан кутиб олинди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси директори Дамир Искендеров ва бошқалар сўзга чиқиб, жамоа аъзолари ва уларнинг мураббийларини қўлга киритилган ушбу ғалаба билан табриклади ва уларга академиянинг эсдалик совғаларини топширди.

– Бу бизнинг хорижда ўтган мусобақада илк бор иштирок этишимиз эди, – дейди турнир ғолиби Муҳаммадали Жабборқулов. – Жамоамиз билан ўзаро тушуниб ўйнашимиз натижасида ўз рақибларимизни мағлуб этишга муваффақ бўлдик. Бунда бизга мураббийларимиз катта ёрдам берди. Келгусида жамоамиз бу ғалабадан қониқиш ҳосил қилмасдан, яна янги ютуқларни қўлга киритиш учун олға бораверади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси