Сенаторлар муҳим масалаларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилмоқда

6

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан унда кўриб чиқиладиган муҳим масалалар сенаторлар томонидан чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда. Ҳар бир масала бўйича мутахассисларни жалб қилган ҳолда муҳокамалар олиб борилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ўтган йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) номига келган 26 минг 372 мурожаатнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилган. Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан жазони ижро этиш муассасаларига 954 мониторинг ташрифи амалга оширилган.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва парламент назоратини кучайтириш мақсадида 2025 йилда “Тенглик ва ҳурмат” платформаси ишга туширилди. Ушбу платформа доирасида аёлларни реабилитация ва мослаштириш марказларида тадбирлар ўтказилди, зўравонликка учраган 150 нафардан ортиқ аёллар билан жамоавий ва индивидуал суҳбатлар ташкил этилди.

Мажлисда  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик институтлари ва давлат органлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда парламент назоратини янада самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

  ***

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг қўшма мажлисида эса Омбудсман билан бирга Болалар омбудсманининг маърузалари муҳокама қилинди.

Сенаторлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Омбудсманнинг давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларига юборилган ариза ва даъво аризалари, тақдимномалари ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосаларининг ижро этилиши масалаларини кўриб чиқди.

Мажлисда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси муҳокама қилинди.

Болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш ишлари давом этгани, ҳисобот йилида соҳада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди.

Сенаторлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таъсир чораларини қўллаш самарадорлигини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, назорат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ўз тавсияларини билдирди.

Муҳокама якунида қўмиталарнинг мазкур маърузаларни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақидаги қўшма қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА