Хориж хабарлари: Путин генералларнинг хавфсизлигини оширишни буюрди, суиқасдлар ортидан чоралар кучайтирилди (+видео)

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг 13 ёшли қизи мамлакат ядровий кучлари бошқарувида фаол иштирок этаётгани ҳақида ОАВ хабар берди; Россия президенти Владимир Путин эса суиқасдлар ортидан генераллар ва куч тузилмалари хавфсизлигини кучайтиришни буюрди. Туркияда Ф-16 Фигҳтинг Фалcон қирувчи самолёти ҳалокатга учраб, учувчи вафот этди. АҚШ Молия вазирлиги киберхавфсизлик чоралари доирасида Ўзбекистон фуқаросини ҳам санкция рўйхатига киритди. Қозоғистон Олмаотада миграция қонунчилигини бузган 40 нафар ўзбекистонликни депортация қилди. Францияда эса Лувр музейи директори Лоранс Де Кар 88 миллион еврога баҳоланган ўғриликдан тўрт ой ўтиб лавозимини тарк этди; унинг истеъфосини президент Эммануэль Макрон қабул қилди.
Ким Чен Иннинг 13 ёшли қизи Шимолий Корея ядровий кучлари бошқарувида иштирок этмоқда
Шимолий Корея етакчиси Kим Чен Иннинг 13 ёшли қизи мамлакат ядровий кучлари фаолиятида иштирок этаётгани ҳақида ОАВ хабар берди. Маълумотларга кўра, у ракета дастурлари бўйича ҳисоботлар қабул қилмоқда ва ҳарбий жараёнларда қатнашмоқда. Жанубий Корея таҳлилчилари бу ҳолатни унинг эҳтимолий ворис сифатида тайёрланаётгани билан изоҳламоқда. Шимолий Корея 1940-йиллардан буён Кимлар сулоласи томонидан бошқариб келинмоқда.
Путин генераллар хавфсизлигини кучайтиришни буюрди
Россия президенти Владимир Путин суиқасдлар ортидан генераллар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хавфсизлигини ошириш бўйича топшириқ берди. У хавфсизлик чораларини кучайтириш, айниқса чегара ҳудудларида назоратни ошириш зарурлигини таъкидлади. Баёнот Москвада содир бўлган портлаш ортидан янгради ва терроризмга қарши курашни янада фаоллаштириш талаб қилинди.
Туркияда F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учради
Туркиянинг Баликесир вилоятида F-16 Fighting Falcon ҳарбий самолёти режали парвоз вақтида ҳалокатга учради. Самолёт радарлардан йўқолганидан сўнг қишлоқ яқинига қулаган ва учувчи вафот этган. Ҳодиса жойига қутқарув хизматлари жалб этилган, ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Афғонистон ва Покистон чегарасида қуролли тўқнашув
Афғонистон ва Покистон кучлари ўртасида чегара ҳудудида қуролли тўқнашув юз берди. Томонлар бир-бирини ўқ узишда айбламоқда. Зиддиятлар аввалги ҳаво зарбаларидан кейин кескинлашгани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
АҚШ Ўзбекистон фуқаросига санкция жорий этди
АҚШ Молия вазирлиги киберхавфсизлик чоралари доирасида бир қатор шахс ва компанияларга санкциялар киритди. Рўйхатдан Ўзбекистон фуқароси ҳам жой олган. Америка томони бу қарорни кибержиноятлар ва махсус дастурий “эксплойт”лар савдоси билан боғламоқда.
Қозоғистон 40 нафар ўзбекистонликни депортация қилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида миграция қонунчилигини бузган 40 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Расмийларга кўра, уларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланиб, чегарагача кузатиб қўйилган. Миграция назорати кучайтирилгани таъкидланмоқда.
Лувр директори истеъфога чиқди
Париждаги Luvr muzeyi директори Лоранс Де Кар 88 миллион еврога баҳоланган ўғриликдан тўрт ой ўтиб лавозимини тарк этди. Франция президенти Эммануэль Макрон унинг истеъфосини қабул қилди. Ўғриликда император коллекциясига тегишли қимматбаҳо буюмлар ўғирланган, тергов ишлари давом этмоқда.
Нозимбек Мардонов, ЎзА