Иқтисодиёт драйвери бўлган кичик бизнесга 131 триллион сўм кредит йўналтирилган

33

Марказий банкнинг маълум қилишича, 2025 йилда кичик ва ўрта бизнес ҳамда аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредитлар ҳажми 131,2 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 42 фоизга юқори бўлиб, мамлакатда тадбиркорлик муҳити ва ишбилармонлик фаолияти изчил рағбатлантирилаётганини англатади.

Мазкур рақамлар иқтисодиётдаги фаоллик, ички талаб ва реал секторни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган сиёсат самарасини яққол намоён этмоқда.

Ажратилган кредитларнинг энг катта қисми қарийб 43 триллион сўмни ташкил этади. Бу маблағ савдо ва умумий овқатланиш соҳасига тўғри келгани эътиборли. Бу, аввало, ички бозорда талаб барқарор сақланаётганини, аҳоли истеъмоли ва хизматлар сегменти иқтисодий фаолликнинг асосий манбаларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Чакана савдо айланмаси ва хизматлар ҳажмининг ўсиши кичик бизнес субъектлари учун янги имкониятлар яратмоқда. Айни пайтда, ушбу соҳадаги кредит фаоллиги тадбиркорларнинг айланма маблағларини тўлдириш, янги савдо нуқталари ва умумий овқатланиш шохобчаларини очишга хизмат қилмоқда.

Аҳолининг тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган 21,8 триллион сўмлик кредитлар ўзини ўзи банд қилиш ва оилавий бизнесни ривожлантириш жараёнлари жадал давом этаётганини англатади. Бу айниқса, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, даромад манбаларини диверсификация қилиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Кичик бизнес орқали бандликни ошириш иқтисодий ўсишнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлайди. Чунки айнан ушбу сегмент аҳолининг кенг қатламларини иқтисодий жараёнларга жалб этади.

Қишлоқ хўжалиги (17,9 трлн. сўм), саноат (17,7 трлн. сўм) ва қурилиш (15,2 трлн. сўм) тармоқларига ажратилган кредитлар реал секторни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давом этаётганини кўрсатади.

Қишлоқ хўжалигида кредитлар аграр ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техника ва ускуналар янгилаш, қайта ишлаш қувватларини оширишга йўналтирилмоқда. Саноат соҳасида эса ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда.

Қурилиш соҳасидаги молиялаштириш инфратузилмани ривожлантириш, уй-жой қурилиши ва ижтимоий объектларни барпо этиш орқали иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ҳам рағбатлантирувчи мультипликатив таъсирга эга.

Транспорт ва алоқа соҳаси учун ажратилган 12,5 триллион сўмлик кредитлар логистика занжирларини мустаҳкамлаш, юк ташиш ҳажмини ошириш ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Глобал бозорлар билан интеграция шароитида самарали транспорт ва коммуникация тизими иқтисодий рақобатбардошликнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Ўтган йил кўрсаткичларидан англаш мумкинки, кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётнинг муҳим драйвери сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Ушбу сегментга йўналтирилаётган молиявий ресурслар ички талабни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва реал сектор барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, кредитлар ҳажмининг ўсиши улардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларнинг иқтисодий қайтарими ва молиявий интизом масалаларини ҳам долзарб этиб қўяди. Зеро, барқарор иқтисодий ўсиш нафақат молиялаштириш кўламига, балки унинг самарадорлигига ҳам бевосита боғлиқдир.

Ш.Маматуропова, ЎзА