Кучли тадбиркор – кучли иқтисодиётни яратади

3

ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ёшлар қаноти томонидан талаба ёшлар учун “Тадбиркор ва ёшлар” лойиҳаси доирасида навбатдаги амалий мастер-класс ташкил этилди.

Тадбир партиямизнинг ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг ташаббус ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилди.

Мастер-класс 7 йиллик тажрибага эга бўлган ёш тадбиркор, “Grand House”, “Asil Jihaz”, “Vivo Mebel”, “Milano Mebel” ҳамда “Ashil Dasturxon Mebel” каби лойиҳалар асосчиси Гулимбетов Даўлетбайнинг ишлаб чиқариш устахонасида бўлиб ўтди.

Тадбиркор ўз фаолиятини кичик устахонадан бошлаб, креатив фикрлаш, бозор талабини чуқур таҳлил қилиш ва замонавий ёндашувлар асосида қисқа вақт ичида бир нечта муваффақиятли бренд лойиҳаларни йўлга қўйди. Бугунги кунда у 10 нафар ёшнинг доимий бандлигини таъминлаб, уларнинг касбий ривожланишига ҳисса қўшмоқда.

Айниқса, унинг фаолиятида миллий анъаналарни замонавий дизайн ечимлари билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бозорда кам учрайдиган, ҳатто интернет платформаларида ҳам мавжуд бўлмаган дизайн ечимларини яратиш орқали маҳсулотларига юқори талаб шакллантиришга эришилган. Онлайн савдо тизими орқали мамлакатимизнинг турли ҳудудларига етказиб бериш йўлга қўйилгани эса рақамли иқтисодиёт имкониятларидан самарали фойдаланилаётганини кўрсатади.

Мастер-класс жараёнида Қорақалпоқ давлат университети физика факультети талаба ёшлари ишлаб чиқариш жараёни, дизайн яратиш босқичлари, мижозлар билан ишлаш, онлайн маркетинг ва брендни ривожлантириш йўналишлари бўйича амалий билимларга эга бўлдилар. Ёш тадбиркор креатив ғояни муваффақиятли бизнесга айлантириш, қийинчиликларни енгиб ўтиш ва рақобатбардош бўлиш борасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий учрашувлар партиямизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва ёшлар бандлигини оширишга қаратилган стратегик мақсадларига ҳамоҳангдир. Ёшларнинг ташаббусини рағбатлантириш, уларни замонавий касб-ҳунар ва бизнес кўникмалари билан таъминлаш – бу янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтиришнинг муҳим омилидир.

ЎзЛиДеП ёшлар қаноти бундан буён ҳам “Тадбиркор ва ёшлар” каби амалий лойиҳалар орқали ёшларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни муваффақиятли тадбиркорлар билан боғлаш ва инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишни изчил давом эттиради.

Зеро, кучли тадбиркор – кучли иқтисодиёт, фаол ёшлар эса мамлакат тараққиётининг мустаҳкам таянчидир.

                                                                       Қорақалпоғистон ахборот агентлиги