“Ташаббусли бюджет-2026” – фуқаролар ва давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги модели
Мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва фуқаролар иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ана шундай муҳим ислоҳотлардан бири – “Ташаббусли бюджет” бўлиб, ушбу тизим аҳоли ўз ҳудудидаги муаммоларни бевосита ҳал этишда қатнашиш имконини бермоқда.
2026 йил ушбу тизим учун алоҳида босқич ҳисобланади. Чунки бу йилги жараён нафақат навбатдаги мавсум, балки янги ёндашувлар, кенгайтирилган молиявий имкониятлар ва юқори тизимли ўзгаришлар билан ажралиб туради. 1 февралдан старт олган мавсум 21 март – Наврўз куни асосий натижалар эълон қилиниши билан якун топади.
2026 йилги мавсум аниқ режалаштирилган босқичлар асосида амалга оширилади. Февраль ойида лойиҳаларни киритиш ва саралаш ишлари олиб борилса, март ойида тарғибот ва овоз бериш жараёнлари ташкил этилади.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, энди лойиҳалар кейинги босқичларда ҳисобга олиниши учун камида 50 та овоз тўплаши шарт. Бу талаб тасодифий ёки кам аҳамиятли ташаббусларнинг кейинги босқичларга ўтишини чеклаб, ҳақиқатан ҳам жамоатчилик эҳтиёжига жавоб берадиган лойиҳаларни саралаб олиш имконини беради.
2026 йилда “Ташуббусли бюджет” учун ажратилаётган 6 триллион сўм маблағ тизимнинг қамрови ва таъсирини янада кенгайтиради. Маблағларнинг муайян қисми депутатлар ташаббуслари ва қўшма молиялаштириш лойиҳаларига йўналтирилиши ресурслардан янада оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳалар қийматига қўйилган аниқ лимитлар (қурилиш учун 1,648 млрд сўм) ортиқча харажатларнинг олдини олиб, кўпроқ ҳудудларни қамраб олиш имконини беради. Бу са ижтимоий инфратузилмани кенг кўламда яхшилашга хизмат қилади.
Энг муҳим янгилик, аҳолининг бевосита молиявий иштирокини назарда тутувчи шерикчилик моделидир. Эндиликда, агар фуқаролар лойиҳа қийматининг 50 фоизини ўзлари йиға олса, қолган қисми давлат томонидан қопланади ва лойиҳа автоматик тарзда ғолиб деб топилади.
Янги тартибга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам кенгроқ ваколатлар берилди. Энди улар ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалардан ҳар мавсумда иккитадан танлаб, уларни қўшимча равишда молиялаштириш имкониятига эга. Бу орқали ҳудудий муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ва уларни ҳал этишда сиёсий институтларнинг ролини оширади. Натижада, айрим сабабларга кўра овоз етмай қолган, лекин долзарб бўлган лойиҳалар ҳам амалга оширилади.
Жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали барча босқичлар кузатиб борилади. Яқин вақт ичида ушбу платформада амалга оширилган лойиҳаларнинг интерактив харитаси ҳам ишга туширилди. Бу орқали, фуқароларга лойиҳалар жойлашуви ва натижаларини кўриш, маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш, тизимга бўлган ишончни ошириш имкониятини беради.
2026 йилги “Ташаббусли бюджет” мавсуми оддий танлов ёки овоз бериш жараёни эмас, балки фуқаролар ва давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги модели ҳисобланади. Шерикчилик асосида молиялаштириш, депутатлар ваколатининг кенгайтирилиши ва рақамли шаффофликнинг кучайтирилиши тизимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда. Энг муҳими, ушбу жараён ҳар бир фуқарога “Менинг овозим, менинг ташаббусим” деган ишончни беради.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА