Ўзбекистонда ўғрилик жинояти: Криминологик таҳлил

14

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳар қандай давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада ўғрилик жиноятлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар жиноятчилик таркибида кенг тарқалган турлардан бири сифатида доимий таҳлилни талаб қилади.

Шу боис, Ўзбекистонда мазкур турдаги жиноятларнинг ҳолати, динамикаси ва сабабларини илмий асосда ўрганиш орқали профилактика тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Криминология тадқиқот институти томонидан олиб борилаётган мунтазам таҳлиллар эса жиноятчиликнинг реал ҳолатини баҳолаш, унинг ўзгариш тенденцияларини аниқлаш ва самарали профилактика чораларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, олиб борилган таҳлилларга кўра, мамлакатда ўғрилик жиноятлари доимий равишда комплекс криминологик таҳлил асосида ўрганиб борилмоқда. Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, 2025 йилда умумий жиноятчилик даражаси ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 412,9 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич жиноятчилик ҳолатини баҳолашда муҳим индикатор ҳисобланади.

Ўғрилик жиноятларининг йиллар бўйича динамикаси эса бир хил эмаслиги билан ажралиб туради. Мисол учун, 2021 йилда ушбу турдаги жиноятлар 2020 йилга нисбатан 141,7 фоизга ошган. Кейинги йилда вазият ўзгарган ва 2022 йилда 22,8 фоизлик камайиш кузатилган. 2023 йилда ҳам пасайиш давом этиб, 2,5 фоизни ташкил этган. Бироқ, 2024 йилда яна ўсиш қайд этилган ва мазкур тенденция 2025 йилда ҳам сақланиб, 1,7 фоизлик кўпайиш қайд этилган.

Бу ҳолат ўғрилик жиноятчилиги динамикаси турли омиллар таъсирида ўзгариб туришини ва мазкур соҳада тизимли таҳлил доимий равишда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Жиноят субъектлари кесимида олиб борилган таҳлиллар ҳам айрим муҳим ўзгаришларни кўрсатади. Жумладан, муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган ўғрилик жиноятлари 2024 йилда ошган бўлса-да, 2025 йилда уларнинг сони 15,8 фоизга камайиб, 1 минг 718 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич профилактика ишларининг муайян натижалар бераётганини англатади.

Аёллар томонидан содир этилган ўғрилик ҳолатлари ҳам худди шундай динамикани намоён этган. 2024 йилда ушбу кўрсаткич ўсган бўлса, 2025 йилда 16,8 фоизга камайиб, 1 минг 104 та ҳолат қайд этилган.

Ижобий тенденциялардан яна бири — вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар сонининг изчил камайиб бораётгани. Хусусан, вояга етмаганлар томонидан содир этилган ўғриликлар 2024 йилда 9 фоизга камайган бўлса, 2025 йилда яна 4,2 фоизга қисқариб, 1 минг 313 та ҳолат қайд этилган.

Шунингдек, ёшлар ва ишсизлар томонидан содир этилган жиноятларда ҳам пасайиш кузатилмоқда. Спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда содир этилган жиноятлар сонининг сезиларли даражада камайгани ҳам ижобий кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.

Жиноятчилик сабаблари нима бўлган?

Мутахассислар фикрига кўра, ўғрилик жиноятларининг келиб чиқишида иқтисодий қийинчиликлар, назоратнинг етарли даражада эмаслиги, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етарли шаклланмагани ҳамда ижтимоий муҳит таъсири муҳим омиллар ҳисобланади.

Шу боис профилактика ишлари фақат жазо чоралари билан чекланмаслиги зарур. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш ва маҳаллаларда назорат механизмларини мустаҳкамлаш эса жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Бу ёндашув жиноятчиликка қарши курашишда комплекс ва тизимли чораларни амалга ошириш жуда зарурлигини кўрсатади.

Қолаверса, сўнгги йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «Тезкор бошқарув марказлари» ташкил этилиб, минглаб видеокузатув қурилмалари ягона тизимга интеграция қилинган.

Бу тизим жиноятларни тезкор аниқлаш, уларни фош этиш ва олдини олиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирмоқда.

Шу билан бирга, эксперт-криминалистика соҳасида геном маълумотларидан фойдаланиш амалиётининг йўлга қўйилиши ҳамда замонавий лабораториялар фаолиятининг кенгайтирилиши жиноятларни очиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олиб борилган таҳлиллар эса Ўзбекистонда ўғрилик жиноятчилиги ҳолати доимий равишда илмий асосда ўрганилаётганини кўрсатади. Айрим йилларда ўсиш кузатилган бўлса-да, жиноят субъектлари бўйича, хусусан муқаддам судланганлар, аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар ва ишсизлар иштирокидаги жиноятларнинг камайиши профилактика ишлари муайян самара бераётганини тасдиқлайди.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан амалга оширилаётган илмий таҳлиллар алоҳида аҳамиятга эга. Институт томонидан тайёрланаётган криминологик таҳлиллар, статистик маълумотларни чуқур ўрганиш ва илмий асосланган хулосалар жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича самарали қарорлар қабул қилиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Натижада, илмий ёндашув, замонавий технологиялар ва тизимли профилактика чораларининг уйғунлиги жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликни камайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

М.Эшмирзаева, ЎзА