Тоғ-кон саноатида истиқболли лойиҳалар юзасидан музокаралар ўтказилди

14

Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов ва «Traxys Group» бош ижрочи директори Марк Кристоф бошчилигидаги компания делегацияси ўртасида учрашув ўтказилди.

Унда томонлар тармоқни ривожлантириш, инвестициявий шерикликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Музокаралар жараёнида мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва геология тармоғини модернизация қилиш, ресурс базасини кенгайтириш, геологик қидирув ишларини фаоллаштириш ҳамда тармоқни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, шаффоф механизмлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам алоҳида таъкидланди.

Учрашув давомида делегация аъзоларига соҳа корхоналари томонидан қўлга киритилаётган ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, технологик янгиланишлар, қазиб олиш ҳажмларини оширишга қаратилган дастурлар ҳамда яқин истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдим этилди. Бунда халқаро стандартлар асосида иш юритиш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, “Traxys Group” металллар ва табиий ресурслар билан шуғулланувчи халқаро компания. Бош қароргоҳи Люксембургда жойлашган. Дунё бўйлаб 20 дан ортиқ офиси мавжуд. Корхона минераллар ва саноат хомашёларини қидирув, савдо ва тарқатиш билан шуғулланади.

Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқот ва очиқ фикр алмашуви келгусида ўзаро ишончли шерикликни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма ташаббусларни илгари суриш ҳамда тоғ-кон саноатида барқарор ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишини  айтиб ўтди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА