Замонавий хавф-хатарларга қарши тизимли ёндашув

Шимоли-ғарбий ҳарбий округида «Киберхавфсизлик» ойлиги доирасида «Огоҳлик – энг кучли киберҳимоя» шиори остида режа асосида ўқув-амалий машғулоти ташкил этилди.
Ўқув Киберхавфсизлик бўлими мутахассислари томонидан олиб борилиб, унда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилиши мумкин бўлган ўғирликлар, онлайн фирибгарлик, рухсатсиз кириш, маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича батафсил тушунчалар берилди. Иштирокчиларга кибержиноятчиликнинг замонавий кўринишлари, уларни амалга ошириш механизмлари ва самарали ҳимоя усуллари тизимли равишда тушунтирилди.
Тадбир давомида зарарли дастурлар, фишинг ҳужумлари, ижтимоий инжиниринг усуллари, шунингдек, махфий хизмат маълумотларини қўлга киритишга қаратилган таҳдидлар реал воқеликларга яқинлаштирилган сценарийлар асосида таҳлил қилинди. Амалий машғулотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар шартли киберҳужумларни аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш, тезкор ва асосли қарор қабул қилиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлади.
Машғулотда ахборот хавфсизлигининг назарий-ҳуқуқий асослари, локал тармоқларда хавфсизликни таъминлаш механизмлари, ахборот ресурсларини сегментлаш ва назорат қилиш усуллари кенг ёритилди. Инсон омилининг ахборот хавфсизлигидаги ўрни алоҳида таъкидланиб, хизмат фаолиятида масъулият, огоҳлик ва интизомнинг устувор аҳамияти қайд этилди.
Шунингдек, хизмат телефонлари ва компьютер техникасидан фойдаланиш қоидалари, махфий маълумотларни сақлаш ва узатишда белгиланган талаб ва меъёрларга қатъий риоя қилиш зарурлиги юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Иштирокчиларга кучли пароль сиёсатини жорий этиш, икки босқичли аутентификациядан фойдаланиш, лицензияланган антивирус дастурларини қўллаш ҳамда ҳимояланган алоқа каналларидан фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар тақдим этилди.

Таъкидланганидек, глобаллашув ва рақамлаштириш жараёнлари жадал кечаётган бугунги шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир ҳарбий хизматчининг бевосита хизмат мажбуриятларидан бири ҳисобланади. Шу боис, «Киберхавфсизлик» ойлиги доирасида ўтказилаётган бундай тадбирлар шахсий таркибнинг ахборот таҳдидларига нисбатан барқарор иммунитетини шакллантириш, миллий ахборот маконини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда хизмат фаолиятида замонавий хавфсизлик стандартларини изчил жорий этишга хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги