Беларусь Бош вазири TEXNOPARK фаолияти билан танишди
Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин бошчилигидаги делегацияси мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида “TEXNOPARK МЧЖ” ишлаб чиқариш мажмуасига борди.
Меҳмонларга корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати намойиш этилди. Хусусан, улар электрон газ ҳисоблагич, лифт ва эскалатор, музлатгич ва кир ювиш машинаси, кондиционер, насос, шунингдек алюминий композит панель ва базальт изоляция материаллари ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар.
2019 йил импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган мазкур корхона бугунги кунда юқори технологияли ишлаб чиқаришга йўналтирилган 17 объектни бирлаштирган йирик саноат марказига айланган. Айни пайт мажмуада 5 000 га яқин ходим фаолият юритади.
Технопарк маҳсулотлари Россия, Руминия, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Тожикистон, Мўғулистон, Туркия, Қирғизистон ва Афғонистон бозорига экспорт қилинмоқда.
Дилшод Ҳакимов, Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА