Маданий ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди

4

Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари О.Нарзуллаев ҳамда Қирғизистондаги Ўзбек миллий маданий маркази раиси ўринбосари А.Атажанов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шу кунга қадар эришилган натижалар ҳамда истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, томонлар маданият, санъат ва илм-фан соҳаларида ўзаро тажриба алмашувини янада кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ижодий учрашувлар ҳамда илмий-амалий анжуманларни мунтазам ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, қирғизистонлик ўзбек ёшлари ўртасида ўзбек тилини ўргатиш кўламини кенгайтириш, миллий анъана ва қадриятларни тарғиб қилиш бўйича ҳам аниқ келишувларга эришилди.

Учрашув якунида ҳамкорликни тизимли ва самарали йўлга қўйиш мақсадида аниқ режа ва механизмлар асосида иш олиб бориш, қўшма тадбирлар тақвимини шакллантириш ҳамда доимий алоқа ўрнатиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланишича, мазкур ҳамкорлик Қирғизистонда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг миллий ўзлигини сақлаш, уларнинг маданий-маърифий ҳаётини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова, ЎзА