Бадиий публицистика кенгашининг фаолияти таҳлил қилинди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий публицистика кенгашининг 2025 йил фаолияти якунларига бағишланган йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари, ижодкорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий публицистика кенгаши раҳбари, устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев бошқарган мазкур йиғилишда медиа соҳасининг бугунги ҳолати батафсил таҳлил этилди.
2025 йилда Бадиий публицистика кенгаши томонидан бир қанча ишлар амалга оширилди. Уюшмага келган публицистика йўналишидаги қўлёзмалар ҳақида тақризлар хулосалар берилди.
Анъанавий Зомин семинарига тавсия этилган учта ёш ижодкорнинг ишлари Кенгаш томонидан ўқиб чиқилди ва уларнинг икки нафарига (публицистика ва бадиий таржима) ижобий хулоса ёзиб берилди.
Америкалик публицист ёзувчи Сара Жионинг саргузашт романи кенгаш томонидан ўрганилди ва таржима қилишга тавсия қилинди.
Йилнинг энг яхши китоби Қ.Рафиқовнинг “Шавкат Мирзиёевнинг йўли” китоби бўлди. Бу китоб қирғиз тилида Аҳмаджон Мелибоев таржимасида Қирғизистонда чоп этилди. Шунингдек, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Журналистика сабоқлари”, “Журналистнинг тил бойлиги” сарлавҳали китоблари чоп этилди.
Эркин Аъзамнинг “Танланган асарлар”ининг 5-жилди, Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Бир қатранинг фаввораси”, Зулфия Мўминованинг “Бу кунларни шеър қил, шоирим”, Отаулининг “Жонли сўз”, Сувон Мелининг “Ишқ зори изҳори”, Мунаввара Усмонованинг “Бир куни…”, Салим Ашурнинг “Ҳаётнинг давоми”, Иқбол Қўшшаеванинг “Заминга сиғмаган орзулар”, Замира Рўзиеванинг “Гавҳар янглиғ гўшалар”, Рисолат Ҳайдарованинг “Коля ака” тўпламлари ўқувчилар қўлига етиб борди. Айтиш мумкинки, бу тўпламларни 2025 йилги бадиий публицистикамизнинг сара ишлари, десак ҳам бўлади.
Йиғилишда “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятидаги ёш публицистлар мактабида журналистлик маҳорати сирларини ўрганаётган ёш журналистлар орасида янги номлар кўзга ташланаётгани таъкидланди. Жорий йилдаги фаолиятига оид таклифлар ўртага ташланди.
Якунда кенгашнинг 2026 йилдаги режалари белгилаб олинди.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА мухбири