Рақамли дунёда янги давр бошланмоқда: тизим эмас, биз ўзгардик!

10

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар нафақат мулоқот воситаси, балки инсон тафаккури ва дидининг аксига айланган. Бир неча йил аввал ушбу платформаларда кўпроқ енгил-елпи, баъзан эса мантиқсиз контентлар тез оммалашарди. Турли челленжлар, ғалати трендлар қисқа вақт ичида миллионлаб кўришлар йиғар эди. Бу эса кўпчиликда алгоритмлар айнан шундай контентни “кўтаради” деган нотўғри фикрни шакллантирган.

Аммо бугун вазият сезиларли даражада ўзгаргандек. Энди инсонни ўйлашга мажбур қиладиган, ҳиссий ва фалсафий мазмунга эга видеолар тобора кўпроқ оммалашмоқда.

Аслида, ижтимоий тармоқ алгоритмлари мустақил “онг”га эга эмас. Улар акс садо берувчи мураккаб математик формулалар холос. Алгоритм бизга ниманидир мажбурлаб кўрсатмайди. Бизнинг қизиқишларимизни ўрганади. Мисол учун, видеони неча сония томоша қилганимиз, изоҳ ёздикми ёки яқинларимизга улашдикми, ҳаммаси ҳисобга олиниб видеолар кетма-кетлиги яратилади.

Агар илгари алгоритм “савиясиз” контентни кўтарган бўлса, демак, ўшанда аудиториянинг талаби шундай эди. Бугунги кунда фалсафий видеолар трендга чиқаётгани алгоритмларнинг “ақлли” бўлиб қолгани эмас, балки инсониятнинг рақамли истеъмол маданияти етилаётганидан далолат беради.

Бунга мисол сифатида “ёлғиз пингвин” номи билан машҳур бўлган “But why” ҳужжатли фильм қаҳрамонини келтириш мумкин. Оддийгина ушбу ҳикоя инсон қалбига чуқур таъсир қилади. Пингвин образи орқали ёлғизлик, тушунилмаслик ва ички кечинмалар ифодаланади. Томошабин бу ҳикояни кўрар экан, унда ўз ҳаётига нисбатан саволлар пайдо бўлади.

Шунингдек, Японияда онасиз қолган Панч исмли маймун ҳақидаги видео ҳам бутун дунёда катта муносабатга сабаб бўлди. Бу оддий воқеа эмас, балки инсоний туйғуларни уйғотувчи кучли ҳикоя сифатида қабул қилинди. Меҳр, йўқотиш ва ҳимояга бўлган эҳтиёж каби тушунчалар томошабин онгида қайта жонланди.

Бундай контентларнинг оммалашуви тасодифий эмас. Биринчидан, инсонлар ахборот кўплигидан чарчади ва энди сифати юқори, мазмунли контентга эҳтиёж сезмоқда. Бунга сўнгги йиллардаги глобал воқеалар ҳам инсонларни ҳаёт ҳақида чуқурроқ ўйлашга ундади.

Ижтимоий тармоқлардаги ушбу воқеликлар инсониятнинг маънавий уйғонишининг рақамли кўринишидир. Инсонлар шунчаки кўришдан ҳис қилишга ўтди. Тармоқлар энди нафақат чиройли расмлар альбоми, балки инсон қалби ҳақидаги ҳикоялар тўплами.

Алгоритмлар бизни бошқармайди, улар бизга ўзимизни кўрсатади. Агар бугун ижтимоий тармоқлар фалсафий ва ҳиссий мазмунга тўлаётган бўлса, демак, шов-шувлар даври якунланиб, мазмун даври бошланмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА