Алимент онаси учун эмас, бола ҳақидир!

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги конституциямизда аниқ белгилаб қўйилган.
Шунга қарамасдан орамизда ўз фарзандлари тарбиясига бефарқ бўлган, ҳаттоки уларни моддий жиҳатдан таъминлашдан бўйин товлайдиган ота-оналар ҳам учраб туриши ачинарли ҳолат.
Бундай шахслардан фарзандларининг таъминоти учун алимент пулларини ундириш суд қарорларига асосан Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан амалга оширилади.
Бюро органлари ташкил этилган вақтда уларнинг асосий вазифаларидан бири этиб алимент пулларини ундириш ҳақидаги суд қарорларининг ижросини таъминлаш белгилаб берилган.
Шу асосда Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд қарорлари асосида вояга етмаган ва моддий таъминотга муҳтож бўлган шахслар фойдасига алимент пулларини ундириш ишлари алоҳида назоратга олиниб, амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда алимент ундирувлари соҳасини осонлаштириш, ундирув механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, Бюро органларида “E-aliment” автоматлаштирилган электрон дастури жорий этилганлиги, ундирувчиларга қулайлик яратиш мақсадида АТ “Алоқабанк”дан ҳар бир ундирувчига банк пластик карталари берилиб, ушбу карталарга тўловлар дастур орқали автоматик тарзда ўтказилишининг йўлга қўйилганлиги, шунингдек алимент тўлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг қарздорлигини Бюро органлари жамғармасидан тўлаб бериш амалиёти амалиётга татбиқ этилганлиги бунинг яққол далили ҳисобланади.

Шунинг натижасида, ўтган 2025-йил давомида Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туманлар иш юритувидаги алимент ундируви билан боғлиқ 18 минг 861 та ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 118,5 миллиард сўм ундирилган.
Бундан ташқари, қарздорлар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари давомида қарздорлар томонидан олдиндан тўлов сифатида (бола 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган давр учун) умумий ҳисобда 791 миллион сўмлик мол-мулклар ва пул маблағлари, шу жумладан 641 миллион сўм нақд пуллар, 2 та 150 миллион сўмлик уй-жойлар фарзандларининг таъминоти учун топширилиши таъминланди.
Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида 1 минг 793 нафар ишсиз алимент тўловчилар ишга жойлаштирилиб, уларнинг бандлиги таъминланди ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Маҳалла еттилиги билан биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида жами 277 та ажрашган оилалар яраштирилиб, вояга етмаган фарзандлар тўлақонли оилада камолга етадиган бўлишди.
Шу билан бирга, ўтган даврда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда қасддан бўйин товлаб келган жами 411 нафар қарздорлар маъмурий, 27 нафар қарздорлар жиноий жавобгарликка тортилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, алимент ундируви бу шунчаки пул маблағларини бир қўлдан иккинчи қўлга ўтказиш эмас, балки эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш демакдир.
Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилаётган бу каби тизимли ишлар, соҳага “E-aliment” каби замонавий рақамли технологияларнинг татбиқ этилиши жамиятда масъулият ҳиссини оширишга хизмат қилмоқда. Зеро, давлат томонидан кўрилаётган чоралардан кўзланган асосий мақсад — фақатгина жазо қўллаш эмас, балки оилаларни асраб қолиш, ишсиз қарздорларни банд қилиш ва ҳар бир боланинг тўлақонли таъминотини кафолатлашдир.
Зеро, фарзанд таъминоти — бу келажак таъминотидир. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги бурчини нафақат қонун талаби, балки виждон амри билан адо этса, жамиятимизда соғлом ва комил авлод вояга етиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги