Солиқ қонунбузарликлари ҳақида хабар берганларга 3 миллиард сўм мукофот тўланди

10

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь ойида “Soliq” мобил иловасининг “Soliq ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 12 486 та мурожаат келиб тушган. Бу эса жамоатчилик назорати тобора кучайиб бораётганини англатади.

Келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми – 10 879 таси харид чеки берилмагани билан боғлиқ. Бу эса истеъмолчи ҳуқуқлари ва солиқ интизоми борасидаги муаммолар ҳали тўлиқ бартараф этилмаганини кўрсатади.

Шунингдек, 510 та ҳолатда тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик, 34 та ҳолатда пластик карта орқали тўлов қилинганда харид суммасини сунъий ошириш, 1 063 та ҳолатда эса бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар қайд этилган.

1 739 та мурожаат такрорий бўлгани ёки шикоят қилинган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган. Бу ҳолат мурожаатларни саралаш ва назорат жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.

Мурожаатлар асосида 5 198 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган. Уларнинг қарийб 99 фоизида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқлангани эътиборлидир. Бу рақамлар мурожаатларнинг аксарияти асосли эканини ва фуқаролар бефарқ эмаслигини англатади.

Қонунбузарликлар бўйича хабар берган фуқаролар рағбатлантирилган. 4 782 та ҳолат бўйича ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи ҳисобидан жами 3 миллиард сўм мукофот тўланган. Бу механизм жамоатчилик назоратини кучайтириш ва солиқ интизомини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, харид чеки бермаслик ҳолатлари ҳануз энг кўп учрайдиган ҳуқуқбузарлик тури бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, пластик карта орқали тўловни қабул қилмаслик ёки нархни сунъий ошириш каби ҳолатлар рақамли иқтисодиёт тамойилларига зиддир. Бугун мамлакатимизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда бундай ҳолатлар бозор муносабатларига салбий таъсир кўрсатади.

“Солиқ ҳамкор” тизими орқали келиб тушган мурожаатлар сони фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва фаоллиги ортганини англатади. Мукофот тизими эса бу жараённи рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА