Хорижликлар Ўзбекистоннинг очиқ ва хавфсиз туризм йўналиши эканини эътироф этди

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган маҳаллий туроператорлар ҳамкорлигида жорий йилнинг 20-22 февраль кунлари Дания Қироллигининг Хернинг шаҳрида ташкил этилган “Danish Travel Show” халқаро туризм ярмаркасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти кенг намойиш этилди.
Мазкур тадбир Шимолий Европа минтақасидаги энг йирик туризм кўргазмаларидан бири бўлиб, туризм бозори вакиллари, етакчи туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона тармоқлари ҳамда сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатувчи компанияларни ягона платформада бирлаштиради. У 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари ҳамда минглаб профессионал ташриф буюрувчиларни қамраб олган нуфузли халқаро “B2B” ва “B2C” майдони ҳисобланади.

Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, зиёрат туризми, гастрономик йўналишлар, экологик ва тоғ-саргузашт туризми имкониятлари кенг тарғиб этилди. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг туризм имкониятлари, янги саёҳат маршрутлари ҳамда замонавий инфратузилма бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Ярмарка доирасида хорижий ҳамкорлар билан “B2B” учрашувлар ташкил этилиб, Шимолий Европа давлатларидан Ўзбекистонга туристлар оқимини ошириш, қўшма турпакетлар ишлаб чиқиш ва маркетинг ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимизнинг очиқ ва хавфсиз туризм йўналиши экани, визасиз ҳамда соддалаштирилган виза тартиблари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Мазкур халқаро кўргазма Шимолий Европа бозорига чиқиш, янги ҳамкорлар топиш ва Ўзбекистоннинг туризм брендини тарғиб этиш учун муҳим майдон ҳисобланади. Унда иштирок этиш мамлакатимизнинг Европа туризм харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, сайёҳлар географиясини кенгайтириш ва миллий туризм экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА мухбири