Халқаро конференцияда Ўзбекистондаги ижобий амалиёт эътироф этилди

23

Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Паламентлараро ассамблеяси томонидан ташкил этилган “Сайлов ва референдум институтига ишончни ошириш: халқаро кузатувнинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Тадбирда сайловлар ва референдумларни халқаро кузатиш фаолиятини такомиллаштириш, ёшларнинг электорал маданиятини шакллантириш, сайлов жараёнига замонавий ахборот-технологияларни жорий этиш, сунъий интеллект ва унинг сайлов жараёнида қўлланилиши каби масалалар муҳокама қилинди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмурадов миллий сайлов тизимининг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди. Сайлов комиссияларининг мустақиллиги, сиёсий партиялар учун тенг шарт-шароит яратилиши, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларининг амалдаги кафолатлари, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этилиши, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги кабиларга тўхталди.

Конференция иштирокчилари томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайлов ва референдумлар ўтказишнинг ижобий амалиёти алоҳида қайд этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасида сайлов ташкил этиш ва ўтказишга оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири