Коррупцияга қарши биргаликда курашайлик!

Коррупция – давлат ва жамият учун катта хавф. Шу боис мамлакатимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бу иллатга қарши кескин ва муросасиз курашиш, турли бюрократик ва инсон омили билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Албатта, жамоатчиликнинг фаол иштирокисиз ва ватандошларимиз кўмагисиз бу мақсад ва марраларга эришиш, тиббиётни коррупциядан холи, тўлиқ халқчил тизимга айлантириш қийин. Шунинг учун бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммоларимизни елкама-елка туриб, самарали ҳал этиш бўйича сизларга мурожаат қилмоқдаман!
Президентимиз 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида коррупция жамиятда ишонч муҳитини йўқ қиладиган таҳдид эканини таъкидлаб, 2026 йилда унга қарши курашишда «фавқулодда ҳолат» эълон қилинишини маълум қилган эди.
Бугун соҳадаги ютуқни – ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик, деб айтиб, тизимдаги «касалликлар»га тўғри ташхис қўйиш ва уларнинг ечимини топишга биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.
Лекин, афсуски, ҳанузгача соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупция, бюрократия, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви каби айрим салбий ҳолатлар сақланиб қолмоқда. Бу эса тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигига путур етказиб, халқимизнинг тиббиётга, фидойи мутахассисларимиз меҳнатига бўлган ишончини сусайтирмоқда.
Ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, тизимда коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Соҳада очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, қисқа вақт ичида бир қатор электрон модулларни ўзида жамлаган Ягона тиббий ахборот тизими (DMED) яратилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Соҳа раҳбар-кадрлари бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, замонавий менеджмент асослари бўйича ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасалари бухгалтерларининг молиявий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Албатта, бу ҳали етарли эмас. Олдимизда ўз ечимини кутаётган муаммолар, давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган талаб ва вазифалар кўп. Буни тўлиқ амалга ошириш учун барча юртдошларимиз бирлашиб курашиши зарур.
Ўз қасамёдига, касби ва вазифасига содиқ, ҳалол, виждони пок Сиз, азиз тиббиёт ходимлари бундан буён ҳам тиббиётни коррупциядан холи тизимга айлантириш йўлида бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман.
Шу билан бирга, соҳада коррупцияга қарши самарали курашишда кенг жамоатчиликнинг ёрдами ва иштироки муҳим, деб биламиз.
Вазирликнинг марказий аппарати, туман бирлашмалари, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг коррупсиявий ҳаракатларига гувоҳ бўлсангиз ёки қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги бўйича маълумотга эга бўлсангиз, вазирликнинг «1003» қисқа рақамли «Ишонч телефони» ҳамда https://t.me/qrdsmbot расмий телеграм бот орқали ўз мурожаатингизни юборсангиз бўлади.
Шу ўринда, нафақат коррупция ҳолатларини бартараф этиш, балки соҳани янада такомиллаштиришда сизларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларингиз биз учун ғоят муҳим эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизларнинг ҳар бир мурожаатингиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, зарур амалий чоралар кўрилишини маълум қиламан.
Мурод Қурбонов.
Қорақалпоғистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазири.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги